Самарқанд ветеринария медицинаси институти JICA билан ҳамкорлик қилади
Самарқанд ветеринария медицинаси институтида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакиллари иштирокида учрашув ўтказилди.
Учрашувда агентликнинг мамлакатимизда амалга ошираётган лойиҳалари, келгусидаги режалар ҳақида маълумот берилди. Қайд этилишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда мазкур ташкилот лойиҳалар портфелининг ҳажми қарийб 4,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. JICA вакили Кашивазаки Ёшихито агентлик шу пайтгача юртимизда қишлоқ хўжалик соҳасидаги лойиҳалар учун грант маблағлари ажратган бўлса, эндиликда чорвачилик соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади. Агентлик ушбу йўналишда Самарқанд ветеринария медицинаси институти билан яқиндан ҳамкорлик қилишни кўзда тутганлиги маълум қилинди.
Бугунги кунда Япониядаги 16 та давлат олий таълим муассасасида ветеринария мутахассислари тайёрланиши таъкидланди. Шунингдек, яна 6 та хусусий олий ўқув юртида мазкур йўналиш мавжуд. Давлат таълим муассасаларининг ҳар бири ветеринария бўйича йилига 35-40 нафар талабани ўқишга қабул қилади. Хусусий институтларда эса бу кўрсаткич 100-120 нафарни ташкил этади.
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори, профессор Х.Юнусов институт олимлари JICA билан ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини билдирди. Ўз навбатида Марказий Осиё минтақасида ягона бўлган институтнинг илмий салоҳияти, хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги ва бу ерда тайёрланаётган мутахассислар ҳақида маълумот берди.
Мулоқот давомида айни кунда дунёда рўй бераётган эпидемиологик вазиятда умумий ташаббуслар ва лойиҳаларни амалга оширишда ишларни тизимли ташкил этиш, жараёнларни янада жадаллаштириш зарурлиги юзасидан ўзаро фикр алмашилди.