Самарқанд ветеринария медицинаси институти профессор-ўқитувчилари хорижий ОТМ талабаларига дарс бермоқда
Мазкур институт айни кунда дунёнинг 90 га яқин олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Бу ҳамкорлик доирасида институтнинг 46 нафар профессор-ўқитувчилари 2021-2022 ўқув йилида хорижий олий таълим муассасалари учун онлайн маъруза дарсларини олиб бормоқда. Жумладан, Туркманистон қишлоқ хўжалик институти, Қозоғистон миллий аграр университети, Россия Федерацияси Қозон федерал университети, Томск давлат университети, Ўш давлат университети, Швециянинг Линнеус давлат университетларида СамВМИ профессор-ўқитувчилари дарс беради.
Россия Федерацияси Томск давлат университетининг экономика ва менежмент факультети талабаларига молиявий менежмент фанидан дарс бердим, - дейди иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент Зокир Расулов. - ZOOM платформаси орқали маъруза, семинар ва амалиёт дарсларини ўтдим. Бизда одатда, профессор-ўқитувчилар давоматни қайд этиб боришади. Машғулотлар ниҳоясида талабалар юз фоиз дарсларда иштирок этгани мени бироз ажаблантирди. Уларда, одатда дарсларда қатнашиш ихтиёрий, аммо талабалар курсни тўлиқ топширишлари керак. Улар ўз шогирдларимга қараганда талабчанроқ туюлди. Масалан, талабалар бугун ўтиладиган мавзуни олдиндан ўрганиб келишади ва бу ҳақда саволлар беришади.
Шунингдек, институтнинг 36 нафар профессор-ўқитувчилари Туркманистон қишлоқ хўжалик институти талабаларига онлайн дарслар ўтади. Мазкур ОТМ талабалари ва ўқитувчилари алмашинув дастури бўйича стажировка ўташ ёки ўқиш учун ҳам институтга келиб туришади.
- Аслида 2-курс бакалавриат таълим йўналиши талабаларига онлайн маъруза дарслари ўтишим керак эди, - дейди институтнинг биотехнология кафедраси мудири, доцент Насиба Хожаева. - Лекин дарсларимда магистр, докторант, ёш ассистентлар ҳам иштирок этишди. Бу эса мени янада илҳомлантирди.