Техникумни аъло баҳоларга битирганлар суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида 2023-2024 ўқув йили кундузги таълим шаклида ўрмончилик ва аҳоли яшаш жойларини кўкаламзорлаштириш, ўсимликлар карантини ва ҳимояси, сув биоресурслари ва аквакультура каби учта янги йўналиш очилмоқда.
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида журналист ва соҳа вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
- Янги ўқув йили учун университетимизга бакалавриатнинг кундузги таълим шаклига 535 та давлат гранти, 840 та тўлов-контракт асосида квота ажратилди, - деди университет ректори Худойназар Юнусов. – Шунингдек, сиртқи таълим шаклига 400 та, магистратура мутахассислигига 94 та квота ажратилди. Бундан ташқари, университетнинг бакалавриат таълим йўналишларига мос бўлган техникумларнинг аъло баҳо билан битирган абитуриентлар ажратилган квотадан ташқари суҳбат асосида иккинчи босқичга қабул қилинади. Фақат бунда абитуриентнинг билими синалади. Агар у техникумни қизил диплом билан битирган бўлса ҳам комиссия аъзоларининг саволларига жавоб беролмаса, ўқишга қабул қилинмайди. Суҳбат асосида иккинчи курсга қабул қилинган абитуриент тўлов-контракт асосида таълим олади.
Айни қабул жараёнлари давом этаётган пайтда университетда абитуриентлар ва ота-оналар учун Call марказ телефонлари ишлаб турибди. Абитуриентлардан кўпроқ ҳужжат топшириш жараёнида қанча тўлов қилиш, кимлар тўловдан озод этилгани ҳақида саволлар тушмоқда.
Бугун университетда кундузги таълим шакли бўйича 7 та факультет бўлиб, унда жами 22 та таълим йўналиши, сиртқи таълим шаклида 13 та таълим йўналишлари мавжуд.
Бўлиб ўтган матбуот анжуманида университет раҳбари ва масъуллари қабул жараёни билан боғлиқ саволларга жавоб беришди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.