Самарқанд ветеринария медицинаси институти Халқаро Эпизоотик Бюронинг таянч олий таълим муассасасига айланади
Бу ҳақда институт ректори Худойназар Юнусов оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Халқаро ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳисобланган Халқаро Эпизоотик Бюро (ХЭБ) 1924 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда дунёнинг 180 дан ортиқ давлатлари мазкур ташкилот аъзоси ҳисобланади. Ўзбекистон 1992 йилда ташкилот аъзолигига қабул қилинган.
– Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қўлланмалар, тавсиялар ҳамда ветеринария соҳасида халқаро кодекслар, стандартлар, турли касалликларнинг олдини олишга қаратилган ўқув ва амалий қўлланмалар каби халқаро ҳужжатларни жорий этиш ҳамда жаҳонда ҳайвонлар орасида юқумли касалликларнинг тарқалиб кетишининг олдини олиш, ветеринария соҳасини жаҳон миқёсида мувофиқлаштириш ва тартибга солиш ХЭБнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади, – дейди Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори, профессор Х.Юнусов. – Бугунги кунда Америка Қўшма Штатларининг Миннесота университети Бюронинг ягона таянч университетидир. Бу даргоҳда ветеринария бўйича амалга ошириладиган илмий тадқиқотлар ва уларнинг натижалари бутун дунё учун намуна бўлади ва тавсия этилади. Биз ҳам Ўзбекистонда ветеринария таълимини ХЭБ талаблари асосида ташкил этиш мақсадида институтимизда мазкур университет билан ҳамкорликда 2020-2023 йилларга мўлжалланган Twining дастурини амалга оширяпмиз. Бунда ўқув режа, малака талаблари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда институт профессор-ўқитувчиларининг мазкур таълим даргоҳида малака оширишини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бу борада бир нечта ташрифлар амалга оширилди. Жумладан, февраль ойининг бошида бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларимиз билан бирга университетда бўлиб, малака оширдик. Энди улар жавоб ташрифи билан институтимизга келишади ва бу ерда ХЭБнинг махсус кабинетини очмоқчимиз. Умуман, икки йилдан буён Бюро институтимиздаги ўқув ва илмий-тадқиқот жараёнларини, амалий ишларимизни ўрганиб, ўз баҳосини бермоқда. Уч йиллик ўрганиш натижалари асосида Самарқанд ветеринария медицинаси институти ХЭБнинг иккинчи таянч олий таълим муассасасига айланиши кутилмоқда.
Матбуот анжуманида жорий йилнинг 16 февраль куни давлатимиз раҳбари раислигида чорвачилик соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Йиғилишда қайд этилганидек, эндиликда соҳага илм ва илғор тажрибаларни жорий этишга Самарқанд ветеринария медицинаси институти масъул бўлади. Бунинг учун институт мақоми оширилади ҳамда унга ветеринария, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тажриба институтлари бириктирилади. Бу муассаса кластерларга амалий ва методологик кўмак бериб, пуллик хизматлар кўрсатади, аҳоли ва фермерларни қисқа муддатли курсларда ўқитади.
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, айни пайтда институтда амалга оширилаётган ишлар, тайёрланаётган ҳужжатлар лойиҳалари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Матбуот анжумани доирасида журналист ва блогерлар институтда янгидан ташкил этилган лабораториялар фаолияти билан ҳам танишди.
– Институтимиз ташкил этилган 2018 йилдан буён йигирмадан ортиқ давлатдаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйдик, – дейди Х.Юнусов. – Хорижий давлатларга борганда ҳам, уларнинг вакиллари бизга келганда ҳам таълим жараёнини таққосладим, нималарга эътибор қаратишимиз кераклигини ҳисобга олдим. Натижада шу йиллар давомида 12 та лаборатория ташкил этдик. Уларнинг 8 таси учун давлатимиз томонидан маблағ ажратилган бўлса, 4 тасини халқаро грантлар ва ҳамкорларимиз ҳисобидан амалга оширдик. Бунинг натижасида ҳозир тадқиқотчиларимиз, профессор-ўқитувчилар ўз илмий ишлари тайёрлаш жараёнида хорижга бориб, лабораторияларда ўтиришларига хожат қолмади. Ҳаммасини шу ерда бажаришлари мумкин. Эътиборли томони, бу лабораториялар намуна олиб, ўзлаштириб тайёрланмаган, тўлиқ халқаро ва Европа стандаратларига жавоб беради.