"Jibek joly" халқаро сайёҳлик поезди йўналиши эндиликда Самарқанд ва Чимкент шаҳарларни ҳам ўз ичига олади

"Казинформ" халқаро ахборот агентлигининг маълум қилишича, "Jibek joly" поезди 100 дан ортиқ сайёҳлар билан "Олмаота-Туркистон-Тошкент-Самарқанд-Чимкент-Олмаота" йўналиши бўйича йўлга чиққан.

Қайд этилишича, саёҳатчилар қадимий шаҳарлар муҳитига шўнғиб, Буюк ипак йўли изларидан саёҳатга чиқишлари мумкин бўлади. Йўналишнинг ичига асосий диққатга сазовор жойлар киради. Сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида экскурсия дастурига гид ҳамроҳлиги, овқатланиш, транспорт хизмати ва кириш чипталари ҳам киритилган.

"Темир йўл саёҳатининг ўзига хослиги: сайёҳлар тунни шинам ва барча зарур шароитлар билан таъминланган қулай поездда ўтказадилар", - дейилади мақолада. - Бу вақт ичида поезд ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатланади".

Ахборот агентлигининг эслатишича, мазкур поезднинг биринчи рейси 16 ноябрь куни Олмаотадан йўлга чиқиб, Туркистонда бир кун ва Тошкентда икки кун ўтказган эди, дея хабар беради "Дунё" АА.