Жиноий жазолар енгиллашяпти. Аммо бу қонунни четлаб ўтишга асос бўлолмайди

Суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар натижасида инсонпарварлик тамойилларига таянган ҳолда жиноий жазолар енгиллаштирилиб, кўпроқ озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар қўлланиляпти.

"Бу албатта шахсни келгусида ўз хатосини тўғри англаб, соғлом турмуш тарзига қайтишига, энг асосийси, оиласи бағрида бўлишига имкон беради, - дея мулоҳаза юритади Самарқанд шаҳар ИИБ пробация бўлинмаси бошлиғи Темур Тилавов. - Мисол учун, яқинда жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг сайёр суди давомида муқаддам жиноят содир қилиб, суд томонидан тайинланган жазоларни намунали ўтаганлиги ва қилмишидан хулоса чиқариб, тузалиш ҳаёт тарзига ўтганлиги сабабли 12 нафар шахс муддатидан илгари жазодан озод этилди.

Умуман, бугунги кунда Самарқанд шаҳри ИИО Пробация бўлинмаси ҳисобида 1297 нафар, жумладан, 326 нафар ахлоқ тузатиш иши, 300 нафар озодликни чеклаш, 64 нафар муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 16 нафар шартли жазо тайинланган, 591 нафар жазодан муддатидан илгари озод этилган шахслар жазони ўтамоқда.

Улар билан Пробация бўлинмаси томонидан тарбиявий ишлар олиб борилиб, оиласи ва ҳаёт тарзи яқиндан ўрганилиб, қийинчилик туғдираётган муаммоларини ҳал этишда ёрдам берилмоқда. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларни жамиятга мослашиши чоралари кўриляпти.

Аслида, айни пайтда вилоятимизда Пробация ҳисобида жами 6850 нафар шахслар суд томонидан тайинланган озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтамоқда. Ўтган 10 ой давомида тузалиш йўлига ўтган 2002 нафар назоратдаги шахслар ўталмай қолган жазоларидан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.

Бироқ берилган имкониятдан фойдаланмасдан тайинланган жазони ўташдан бўйин товлаб келаётганлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, 10 ой давомида 374 нафар назоратдаги шахслар жазо ўташдан қасддан бўйин товлаганлиги туфайли ўталмай қолган жазо муддатлари жазонинг оғирроқ турларига алмаштирилди. Хусусан, 245 нафари озодликдан маҳрум этилди.

Ноябрь ойида ўтказилган профилактик тадбирларда озодликни чеклаш жазосини ўтаётган 52 нафар шахслар тунги вақтларда уйида бўлмаганлиги, 15 нафари спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги аниқланган. Албатта, бу ҳолатлар бўйича қонуний чоралар кўрилади".