Жиноятчиликнинг ошиши, оғир маҳаллалар, ЙТҲда вафот етган 52 киши

Вилоятдаги криминоген вазият таҳлили нимани кўрсатмоқда?
Вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида ҳудудда 2169 та жиноят содир этилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврида бу 848 тани ташкил қилган. Жиноятлар сони ҳар 100 минг аҳолига 50,5 тани (республикада 64,4 та) ташкил этмоқда. Кўрсаткич ижобийлиги жиҳатидан Самарқанд республикада 7 ўринда турибди.
Айтиш жоизки, айни даврда жиноятларнинг 520 таси ёки 24 фоизи аниқланадиган. Энг кўп содир этилган жиноятлар сирасига кибер (885 та) жиноят кирмоқда. Уларнинг 503 таси кибер ўғрилик ва 370 таси фирибгарлик билан боғлиқ бўлиб, таҳлиллар ушбу жиноятларнинг 65 фоизи фуқароларнинг ўзи банк картаси кодини жиноятчиларга берганлиги, 25 фоизи эса интернет орқали онлайн савдони амалга ошириши оқибатида содир бўлганлигини кўрсатмоқда.
Биринчи чоракда салмоғи юқори бўлган жиноятлар сифарига ўғирлик (225 та), йўл-транспорт ҳодисалари (172 та) ва фирибгарликни (96 та) ҳам киритиш мумкин. Афсуски, 41 та йўл транспорт ҳодисаси оғир оқибатлар билан якунланган. Уларда 52 нафар фуқаро вафот этган.
ИИБ ҳисоботида вилоятнинг энг оғир маҳаллалари ҳам маълум қилинди. Хусусан, Паст Дарғомда Тўқбой, Самарқанд шаҳрида Алишер Навоий, Ургутда Почвон, Нарпайда Саловат, Нурободда Сарикўл, Оқдарёда Пичоқчи маҳаллаларида криминоген вазият оғир бўлиб қолмоқда.
Ушбу йўналишда ижобий натижалар ҳам йўқ эмас. Жумладан, ҳисобот даврида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган тадбирлар натижасида 1126 та маҳалланинг 248 тасида жиноятлар камайган ҳамда 815 тасида жиноят умуман содир этилмаган. Вилоят ҳудудида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлардан талончилик ва номусга тегиш жиноятлари камайган.