Жиноятга гумон қилинаётган шахснинг ҳам ҳуқуқи бор
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги фармони билан бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида судлар фаолиятини янада такомиллаштириш, одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланган бўлса, 2020 йил 10 августдаги фармон билан суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга эътибор қаратилиб, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган олижаноб ғоянинг амалдаги ифодаси сифатида ислоҳотларнинг навбатдаги янги босқичи бошлаб берилди.
Шу муносабат билан, фармонда тергов ва суд жараёнларида шахснинг ҳуқуқ-эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, процессуал ҳаракатларнинг сифатини ошириш, жиноят процессида далиллар тўплашни мустаҳкамлаш, уларга баҳо бериш тизимини илғор хорижий тажрибада кенг қўлланадиган исботлаш стандартларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш вазифаси юклатилган.
Унга кўра, жиноят содир этишда гумонланган ёки айбланган шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилмаслик, уларнинг ҳимояга бўлган ҳуқуқини улар ушланган пайтдан бошлаб, реал таъминлаш, яъни, уларни ҳимоячи билан холи учрашувига қадар сўроқ қилиш ман этилиши каби қоидалар белгиланиб, тергов-суд жараёнларидаги процессуал ҳаракатларнинг сифат даражаси янада оширилиб, такомиллаштирилади.
Инсон жиноятчи бўлиб туғилмайди. У билиб-билмай, тушуниб-тушунмай жиноятга қўл уради. Қонунларимизда уларнинг ҳам ҳуқуқлари мустаҳкамланган бўлиб, тергов-суд ҳаракатлари жараёнида ушбу ҳуқуқларни таъминлашга уларга нисбатан процессуал ҳаракатларни олиб бораётган мансабдор шахсларнинг барчаси мажбурдир.
Жиноят кодексида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, фармонда бундай қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича янада самарали механизмларни жорий қилиш, бундай қилмишлар учун жавобгарликни кучайтириш белгиланган. Бу албатта фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Конституциямизга кўра, барча фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.
Шу билан бирга барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Бироқ, айрим фуқароларимиз (жиноят содир этган шахслар ёки уларнинг қариндош-уруғлари) ўзларининг бурчлари ва мажбуриятларини унутиб, фақатгина ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказиб, уларни шаъни ва қадр-қимматини камситиб, давлат хизматчилари ёки мансабдор шахсларни ҳақоратлаб, обрўсизлантириш орқали ўз мақсадларига етмоқчи бўладилар.
Фармонда жиноятларни фош этиш борасидаги фаолиятни янги босқичга олиб чиқиш орқали содир этилган ҳар бир жиноят учун жавобгарлик муқаррарлиги ҳамда шахсга, жамиятга, давлатга етказилган зарарларни тўлиқ қопланишини таъминлашни белгиланиши Жиноят кодексининг инсонпарварлик, одиллик, айб учун жавобгарлик, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига мос бўлиб, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган.
Ш.Шарипов,
жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани суди раиси.