Жиноятга қўл уриш сабаблари маҳаллада муҳокама қилинди
Каттақўрғон шаҳридаги “Оқ олтин” маҳалла фуқаролар йиғинида 4 552 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада эзгу ишларга қўл урган тадбиркорлар, зиёлилар кўп. Бироқ бу ерда жиноятчилик нисбатан ошган.
2021 йилнинг 11 ойи давомида маҳаллада 6 та жиноятчилик содир этилган. Яъни, 1 та фирибгарлик, 1 та ўғрилик, 1 та тан жароҳати етказиш ва 3 та гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят.
Самарқанд вилояти суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Т.Файзиев маҳаллада бўлиб, аҳоли вакиллари билан учрашди. Давра суҳбатида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, сабаб бўладиган омилларни бартараф этиш, маҳалла фаоллари ролини ошириш мавзуларида суҳбат бўлди. Содир бўлган жиноятлар таҳлил этиш баробарида келиб чиқиш сабаблари муҳокама қилинди.
Ҳар бир ҳуқуқбузарлик, ҳар бир жиноят жамиятимиз учун доғ. Бир маҳалла бир катта оила эканлигини инобатга олинса, бу салбий ҳолатлар ҳаммани бирдек ташвишга солиши кераклиги таъкидланди. Маҳалланинг кўзи, юзи ва виждони бўлган фаоллар, нуронийлар, кайвонилар бу масалага жиддий эътибор қаратиши, аҳоли билан суҳбатлар ўтказиши лозимлиги қайд этилди.
Тадбир давомида вилоят судлари раислари сайёр қабул ўтказиб, фуқароларнинг муаммоларини тинглади. 30 га яқин фуқаро вилоят судлари раисларига ерга оид, шартномавий муносабатлар, кредит билан боғлиқ низолар, шунингдек, юритилаётган жиноят ишлари бўйича ҳамда жазодан озод қилиш масалаларида мурожаат қилди. Уларнинг ҳар бири бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатларнинг бир қисми жойида ҳал этилди.
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди томонидан сайёр суд мажлиси ташкил этилди. Сайёр судда содир қилган жиноий қилмиши учун жазо ўтаётган 21 нафар шахс жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилинди. Албатта, ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганилиб, шахснинг қатъий тузалиш йўлига ўтганлиги, жазодан тегишли хулоса чиқарганлиги эътиборга олинди.