Жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини тайёрлашда хориж тажрибасидан фойдаланилади
Самарқанд шаҳридаги олий спорт маҳорат институтида “Глобаллашув жараёнида жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимидаги долзарб муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Дурдона Раҳимова, вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов, жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ректори, профессор Илҳомжон Турсуналиев жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
20 нафарга яқин хорижлик ва 150 нафардан зиёд маҳаллий олий таълим муассасаларидан профессор-ўқитувчилар, мураббий ва мутахассислар иштирок этган тадбирда мутахассисларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини бошқаришнинг инновацион ва педагогик технологиялари муҳокама этилди.
Юртимизда жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни тайёрлашда амалий ишлар бошлаб юборилган, - дейди жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти илмий ишлар ва халқаро алоқалар бўйича проректори Зокир Расулов. – Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 6 июндаги “Олий спорт маҳорати институти фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, мамлакатимизда олий спорт маҳорати институти фаолияти йўлга қўйилди. Самарқанд шаҳрида жойлашган мазкур институт профессионал таълим тизимини тамомлаган битирувчилар учун ўқиш давомийлиги уч йил бўлган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. Институтда таълим фаолияти 2023-2024 ўқув йилидан бошланиб, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида олий маълумотли юқори малакали кадрлар тайёрланади. Мазкур анжуманнинг Самарқанд шаҳрида айнан шу институтда ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас. Тадбирда спорти ривожланган Буюк Британия, Бразилия, Хитой ва Ироқ мамлакатлари мутахассислари тажрибасини муҳокама қилиб, аҳолини оммавий спортга жалб қилиш масалалари ва ўқув дастурларида малакали кадрлар тайёрлаш методикаларидан фойдаланишга келишиб олинди.
- Ўзбекистонда асосан ёш авлод вакиллари спортга жуда қизиқади, - дейди франциялик Дариус Риази. – Мен уч йилдан буён Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида спорт тарихидан дарс бериш жараёнида бунга амин бўлдим. Шу боис юртингиздан ёшлар олимпия ўйинларида кўп қатнашади. Анжуманда ҳам бу масала алоҳида қайд этиб ўтилди ва бу борада биз сизларнинг тажрибангиз билан ўртоқлашдик. Шунингдек, спорт социологияси фалсафаси, тарихи ҳақида фикр алмашиб, кадрлар тайёрлашда ва таълим жараёнида инновацион технологиялардан фойдаланиш борасида тажриба алмашдик.
Анжуман давомида иштирокчилар томонидан глобаллашув жараёнида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимида жисмоний тарбиянинг долзарб муаммоларига бағишланган маърузалар ўқилиб, тажриба сифатида мастер класслар ўтказилди.