Жўш обод қишлоққа айланади
Президентимизнинг шу йил 11 январь куни вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқларига кўра, Жўшда "Обод қишлоқ" дастури асосида бунёдкорлик ишлари бошланиб кетди.
Яқин ўртада қишлоғимиз қиёфаси тубдан ўзгарадиган бўлди. Жумладан, Жўш қишлоғи ва унга туташ ҳудудлардаги барча тупроқ йўлларга шағал тўшалади. Жўш қишлоғи марказидан Тиканли, Тўра, Урганжи, Тепалик, Қўрғон қишлоқларини боғловчи йўлларга асфальт ётқизилади. 2019 йил давлат дастуридан ташқари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1 та ва хусусий шерикчилик асосида 1 та мактабгача таълим муассасаси ташкил этилади. Аҳолига замонавий тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш учун тез ёрдам машинаси ажратилади ҳамда доимий тез тиббий ёрдам кўрсатиш шохобчаси бунёд этилади.
Ҳудудларда мослаштирилган қишлоқ врачлик пунктлари янгитдан қурилади ва 4 та маҳалла фуқаролар йиғини биноси барпо қилинади. Жўш қишлоғи ва унга туташ ҳудудлардаги ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларида 1 тадан сунъий қопламали футбол стадиони қурилади.
Қишлоғимизда жойлашган Эргаш Жуманбулбул ўғли номидаги тарихий музей қайта таъмирланади. Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, арзонлаштирилган 50 та уй-жойлар қурилади.
Буларни эшитиб бошимиз осмонга етди. Хуллас, Жўш қишлоғининг қиёфаси яқин кунлар ичида тамоман ўзгаради ва у шаҳарча тусини олади. Маҳалламизнинг ҳам мазкур дастурга киритилгани халқимиз учун қувончли бўлди.
Бугунги кунда маҳалламизда 4300 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Мактаб, коллеж, болалар муассасалари, маданият уйи, шифохона, кўплаб савдо ва маиший хизмат тармоқлари аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Одамларимиз яратилаётган бу имкониятлардан ғоят мамнун.
Абдуалим НОСИРОВ,
Қўшработ туманидаги «Жўш ота» маҳалла фуқаролар йиғини раиси.