Жом – замонавий обод қишлоқ бўлади

Вилоят ҳокимлиги юртимизда бошланган "Обод қишлоқ" дастури доирасида Жом қишлоғини обод масканга айлантириш ташаббуси билан чиқди.
Ўтган ҳафта вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи мазкур ҳудуднинг инфратузилмаси, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларининг ҳолатини ўрганиб, халқ билан мулоқот уюштирди. Қишлоқда мавжуд муаммоларни ўрганди. Шу асосда дастур тузилиб, Жом ва Гирдиқўрғон қишлоқларини обод масканга айлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди.
Кеча Жом қишлоғида ушбу лойиҳаларнинг тақдимоти ўтказилиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Унда вилоят ҳокими Т.Жўраев ҳамда барча секторлар раҳбарлари, туман, шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, вилоятимиздаги бошқарма, идоралар, жамоат ташкилотлари бошлиқлари иштирок этди.

Дастур асосида икки қишлоқда замонавий маҳалла марказлари, истироҳат боғи, хотира майдони, ёзги амфитеатр, иккита мактабгача таълим муассасаси қурилади. Жом бозори замонавий архитектура талаблари бўйича реконструкция қилинади. Таълим ва тиббиёт муассасалари, аҳоли хонадонлари таъмирланади. Аҳолини тоза ичимлик суви, суюлтирилган газ билан таъминлаш, қишлоқда электр таъминотини яхшилаш, йўлларни таъмирлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилади.

Лойиҳани амалга ошириш давомида ҳудуддаги аҳолининг барча қатлами, малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. 4 минг 300 дан ортиқ ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш ҳамда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган кишиларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади.
Мақсад юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг чекка қишлоққа ҳам кириб келишини таъминлаш, одамларда ўз маскани, тақдири учун масъулият ҳисини кучайтириш, халқимиздаги бунёдкорлик, тадбиркорлик, ҳамжиҳатлик фазилатларини намойиш этишдан иборат.

Ғ.ҲАСАНОВ.