Жомбойлик фаол депутатлар моддий рағбатлантирилади

Бу ҳақда халқ депутатлари туман Кенгашининг олтинчи сессиясида қарор қилинган.

Ушбу қарорга Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2017 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатларини маънавий ва моддий рағбатлантириш тизимини жорий этиш ҳақида”ги қарори асос бўлган.

Унга асосан халқ депутатлари туман Кенгашида “Адолатли депутат”, “Халқпарвар депутат”, “Меҳнаткаш депутат” ҳамда “Фахрий депутат” мақомлари таъсис этилган.

Мазкур мақомларга номзодларни маънавий ва моддий рағбатлантириш бўйича ўрганиб чиқиш ва тегишли хулоса бериш бўйича комиссия таркиби тасдиқланган.

Комиссия хулосасига кўра, “Адолатли депутат”, “Халқпарвар депутат” ва “Меҳнаткаш депутат” мақомлари Кенгашда бир нафардан депутатга берилади. Эътиборлиси, номзодлар партия депутатлик гуруҳлари томонидан тақдим этилади.

“Адолатли депутат”, “Халқпарвар депутат” ва “Меҳнаткаш депутат” мақомини олган депутатлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида бир марталик тўланадиган пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Шунингдек, уларга Кенгаш қарори билан тасдиқланадиган шаклдаги ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилади.