Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбойлик ёшларнинг 79 та мурожаатидан 10 тасига ечим топилмаган

Жорий йилнинг 11 март куни Жомбой тумани Полвонариқ маҳалласида ўтказилган вилоят ҳокимининг ёшлар билан учрашувида 79 та мурожаат келиб тушганди. Орадан 35 кун ўтганига қарамай ёшларнинг 10 та мурожаати ўрганилмай, ечими топилмай келмоқда.
Таҳлил қилинганда, ҳал этилмаган мурожаатларнинг 4 таси туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, 2 таси йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси, 2 таси МИБ туман бўлими ва яна 2 таси электр тармоқлари корхонаси масъулларига юклатилган.
- Самарқанд педагогика коллежини битирганман, ҳайдовчилик гувоҳномам ҳам бор, - дейди Кўкгумбаз маҳалласида яшовчи Самариддин Назаров. – Коллежни битириб, мактабда мусиқа тўгараги раҳбари бўлиб ишладим. Тўгарагимиз тугатилгач, бир муддат ишсиз юриб, Самарқанд шаҳрида ҳайдовчилар тайёрлайдиган мактабда фаолият олиб бордим. Ойлик маоши жуда камлиги учун у ерда кўп ишламадим. Масъуллар мурожаатимни эътибордан четда қолдирмади. Aҳоли бандлигига кўмаклашиш марказидан ишлар таклиф қилинди, аммо бўш иш ўринларига олий маълумотли бўлишим керак экан. Улар ишга жойлашгунимга қадар ишсизлик нафақаси билан таъминлашимни ҳам айтган эди. Ҳозирча, бу моддий ёрдам ҳам етиб келгани йўқ. Менга ҳайдовчилик бўйича бўлсаям, ишга жойлашишимга ёрдам берса яхши бўларди.
Шунингдек, С.Назаров ушбу учрашувда маҳалласидаги Хўжа қишлоғининг ички йўлига тош тўкиш масаласини кўтарган ва ушбу масала ҳам ижобий ҳал этилмаган.

Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги вилояти бошқармаси ахборот хизмати.