ЖССТ коронавирус инфекцияси билан кураш олиб бориш доирасида махсус мобил илова тақдим этади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти май ойининг охиригача одамларга ўзида коронавирус инфекцияси бор ёки йўқлигини аниқлашга ёрдам бера оладиган махсус мобил илова тақдим этади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Иловада одамлар ўзларида кузатилаётган коронавирус билан боғлиқ аломатлар тўғисида савол бериб, уларга жавоб олишлари мумкин бўлади. Дастур фойдаланувчиси яшаб турган мамлакатга қараб, у қаердан ва қай тарзда коронавирусга тест таҳлили топшириши мумкин эканлиги ҳақида маълумот беради.

ЖССТ вакилларининг сўзларига кўра, Bluetooth дастури орқали касалланганлар билан мулоқотга киришган шахсларни аниқлаш тизимини ўрнатиш ҳам назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, исталган мамлакат ҳукумати ушбу дастур асосида ўзларининг шахсий иловаларини ишлаб чиқишлари мумкин бўлади.