Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ЖССТ: Маймун чечагини юқтирганлар сони ошмоқда

Дунёда эпидемиологик вазият ҳали барқарорлашгани йўқ. Айрим минтақаларда коронавирус пандемиясининг янги тўлқини кузатилаётган бир даврда, бошқа қатор ҳудудларда маймун чечаги инфекциясини юқтирган беморлар сони кўпаймоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги ҳисоботида келтирилишича, жорий йил бошидан буён Ер юзида ушбу хавфли касалликка чалинган беморлар сони 73 минг нафарга яқинлашган. Уларнинг 28 нафари инфекция оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Ҳозирги кунда мазкур эпидемия рўйхатга олинган мамлакатлар сони 109 тани ташкил этмоқда. Улардан 23 таси ўтган ҳафтада ўз ҳудудида маймун чечагига чалиниш ҳолатлари ортганини маълум қилди.

Хусусан, энг юқори ўсиш кўрсаткичи Мексикада қайд этилган. Йил бошидан бери аниқланган касалликлар сони бўйича АҚШ ҳануз рекордчи. Бу ерда рўйхатга олинган жами беморлар сони қарийб 27 минг нафарга тенг.

Кейинги ўринларни Бразилия (8521 нафар), Испания (7239 нафар), Франция (4064 нафар) ва Буюк Британия (3654 нафар) банд этган.

ЖССТ таҳлилига кўра, маймун чечагини юқтирганларнинг аксарияти, яъни 97,1 фоизи эркаклар. Улар 29 ёшдан 42 ёшгача бўлган беморлардир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.