Маймун чечаги қандай касаллик, ушбу вирусга қарши қандай чора кўрилмоқда?

Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков мазкур касаллик симптомлари ва унга қарши чоралар юзасидан маълумот берди.

Маймун чечаги вирусининг табиий резервуарлари ва манбалари кемирувчилар ҳамда маймунлар ҳисобланади. Маймун чечаги одамга асосан мулоқот ёки трансмиссив йўллар билан (қон, тишланиш, чечак тошмаси суюқлиги, чечак пуфаги орқали) юқиши мумкин.

Чин чечакка қарши одамларни эмлаш уларни маймун чечаги касаллигидан ҳам асрайди. Маймун чечаги касаллигининг клиник кечиши худди чин чечакдагидек намоён бўлади.

Касаллик 99 фоиз ҳолатда енгил кечади. Касалликка чалинганларнинг барчасини стационар шароитда даволашга эҳтиёж йўқ. 

Касалликнинг клиник белгилари: эти увишиш, қалтираш, тана ҳароратининг кўтарилиши, лимфа безларининг катталашиши ва худди чин чечагидек терида тошмалар тошиши. Маймун чечаги касаллигида махсус даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган. Даволаш симптоматик олиб борилади. 

Касалликни четдан кириб келишининг олдини олиш мақсадида республика бўйича давлат чегаралари кесишиш жойларида 54 та санитария-карантин пунктлари фаолият кўрсатмоқда. Шулардан 36 таси автомагистрал йўлларида, 11 таси Халқаро аэропортларда, 6 таси темир йўл ва 1 таси дарё портида ташкил этилган. 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чегарадан кириб келаётган йўловчиларни тиббий-санитария кўригини яхшилаш мақсадида барча Халқаро аэропортлар ва автомагистрал йўлларда жойлашган йўловчи ўтиш оқими юқори бўлган санитария-карантин пунктлари замонавий тепловизорлар ва контактсиз термометр (пирометр)лар билан етарлича таъминланган.