Жума намозларини масжидларда шу ҳафтадан бошлаб ўқиш мумкин бўлади
Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ, диний ташкилотларда жамоавий ибодатларни (жума ва шанба-якшанбалик диний хизматлар) амалга оширишга рухсат берилади.
Махсус комиссия аъзоси, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг аниқлик киритишича, жамоавий ибодатларни 2020 йил 4 сентябрь, жума кунидан бошлаб амалга ошириш мумкин бўлади.
Бунда ушбу объектлар қуйидаги санитария қоидаларига риоя этиши талаб этилади:
📌 жамоавий ибодатни ўтказиш учун ташриф буюрувчилар ўртасида ижтимоий масофани таъминлаш;
📌 диний ташкилотлар ходимлари ва ташриф буюрувчиларнинг тиббий ниқобда бўлиши;
📌 санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий риоя этиш, бино хоналарни доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш;
📌 ҳар бир диний ибодатдан кейин бино (хона) ва ундаги жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш;
📌 бино ва хоналарга, шунингдек, ҳаво айлантириш тизимига зарарсизлантириш анжомларини (ультрабинафша лампалар ва б.) ўрнатиш.
📌тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ташриф буюрувчиларни киритмаслик;
📌 диний ташкилотларга кириш ва чиқиш жойларида аҳолининг тўпланишига қатъий йўл қўймаслик.