Жума – тадбиркорлар куни: Мурожаатлар эътибордан четда қолмайди
Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимовнинг тадбиркорлар билан навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.
Унда 15 нафар тадбиркор фаолиятини юритиш учун ер майдони ажратиш, имтиёзли кредит олиш, давлат шерикчилиги асосида мактабгача таълим муассасаси қуриш каби масалаларда мурожаат қилди.
Жумладан, Паст Дарғом тумани Намуна маҳалласида яшовчи тадбиркор Ҳасан Атамуродов Ўрта Чархин маҳалласи ҳудудида жойлашган собиқ қишлоқ фуқаролар йиғини биносини олиб, бу ерда мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш юзасидан мурожаат қилди.
– Мазкур бино 2005 йилдан буён фойдаланилмай келинмоқда, – дейди Ҳ.Атамуродов. – Бу бўйича туман ҳокимлигига бир неча маротаба мурожаат қилдим, улар менга бу бино вилоят маданият бошқармаси балансида эканлигини таъкидлашарди. Вилоят ҳокимининг қабулига келиб масалам ижобий ҳал бўлди.
Бошқа тадбиркорлар ҳам вилоят раҳбари билан юзлашиб, муаммоларини баён этди ва бу муаммоларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ҳал этилди, қолганларини бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Бахтиёр МУСТАНОВ.