Жумбоқлигича қолаётган фокуслар
Гарри Гудини ХХ аср бошларидаги энг машҳур кўзбойлағич эди. Унинг айрим томошалари - фокуслари ҳамон сирлигича қолмоқда.
1903 йилда томошалардан бирида уни кишанлаб, бўйнига оғир темир шар боғлашиб Темза (Англия) дарёси кўпригидан сувга улоқтиришади. Сув фокусчини ўз домига тортиб кетади. Аммо орадан бир неча дақиқа ўтгач, у кишан ва оғир шардан холос бўлиб дарёдан чиқиб келади.
1906 йилдаги томоша янада ҳайратли бўлди. Гудини қўл-оёқларини оғир занжир билан кишанлаб кўприк туйнугидан сувга ташлашади. Кўп ўтмай томошабинлар уни ўлдига чиқариб даҳшатга тушади, журналистлар эса Гудини ҳалок бўлганини таҳририятга хабар қилиш учун шошилишади. Аммо у 10 дақиқадан сўнг кишанлардан халос ҳолда сувдан чиқиб келади.
Гудини қандай қилиб узоқ вақт сув остида турди? Қандай қилиб оғир занжирлардан қутулди? Жумбоқ! Ақл бовар қилмайди.
Кўп ўтмай Гудини янада мураккаб фокус намойиш этди. Кўзбойлағични ичи ўткир михлар қоқилган яшикка солишди ва кўприкдан сувга улоқтиришди. Яшик қопқоғи қаттиқ михланган эди. Фокусчининг қўллари кишанланган, яшик ичига оғир чўян тошлар солинган эди. Яшик улоқтирилган заҳоти сув тубига ғарқ бўлди. “Энди тамом!” томошабинларни нафаси ичига тушиб кетди. Бироқ орадан бир дақиқа ўтиб кишан ва юклардан халос бўлган фокусчи сувдан соппа-соғ чиқиб келди. Қандай қилиб? Бу саволга ҳамон на илм-фан, на бирорта одам жавоб тополгани йўқ.
Т.Шомуродов тайёрлади.