Кадр хизмати раҳбарлари фаолияти йиллик ҳамда ойлик тарзда доимий баҳолаб борилади

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида вилоятдаги 40 га яқин давлат бошқаруви органларида меҳнат қилаётган ва вилоят бўғинидаги кадр хизмати раҳбарлари иштирокида учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилоят филиали ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда февраль ойида амалга оширилган ишлар натижаси таҳлил қилинди, келгуси ой вазифалари белгилаб олинди.
Таъкидлаш лозимки, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилоят филиали томонидан вилоятдаги 33 та давлат бошқаруви органларидаги кадрлар хизмати раҳбарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаб бориш юзасидан ўнта баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилган. Ушбу мезонлар 2021 йил февраль ойидан эксперимент тарзида амалиётга жорий этилди.
Жумладан, давлат фуқаролик хизматида вакант лавозимларни очиқ танловга беришни кўпайтириш, давлат фуқаролик хизматчиларига оид маълумотларни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритишни ташкиллаштириш, давлат фуқаролик хизматчиларининг малакасини оширишни ташкил этиш, кадр хизмати раҳбарлари томонидан оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилиш, олий ва ўрта–махсус таълим муассасалари талабалари учун "Очиқ эшиклар" куни тадбирларини уюштириш йўлга қўйилди.
Ишлаб чиқилган мезонлар асосида кадр хизмати раҳбарлари фаолияти йиллик ҳамда ойлик тарзда доимий баҳолаб борилади.