Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Камалак юлдузлари” болаларни бирлаштирди

Болалар ўртасида маданият, адабиёт ва санъатнинг турларини тарғиб қилишга йўналтирилган “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалида 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган ижодкор болалар иштирок этиб келмоқда.

Фестивалнинг вилоят босқичида туман, шаҳарларда юқори натижаларни қўлга киритган ва сараланган 300 дан ортиқ болажонлар вилоят босқичида ўз истеъдодларини намойиш этди.

2 ёш тоифасида, 6 йўналиш ва 8 номинация бўйича ўтказилган танловда 6 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар орасида назм ва наср йўналиши бўйича иштихонлик Сабрина Комилова ғолибликни қўлга киритди.

- Танлов якунида бошловчи ғолибларни саҳнага чақираётиб, менинг ҳам исм-фамилиямни ўқиганда жуда хурсанд бўлиб кетдим, - дейди у. – Бу фестивалга устозим билан келган эдим. Аямга биринчи ўринни олиб қайтаман деб ваъда бериб келгандим. Буни уддаладим. Тадбирдан сўнг ташкилотчилар мени чақириб, фестивалнинг республика босқичига пухта тайёргарлик кўришимни айтишди. Насиб бўлса, республикада ҳам ўрин оламан.

Жами икки ёш тоифасида 54 нафар 1-,2- ва 3-ўринни эгаллаган иқтидорли болалар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шаҳло Неъматиллаева.