Камбағалликдан фаровонлик сари: Бу натижага қандай эришилади?

Аҳолини камбағалликдан чиқариш. Бу айтиш осон, лекин амалда бажариш катта масъулият, тажриба, аниқ стратегияга асосланган қадамларни талаб этади.

2024 йил 23 сентябрда Президентимизнинг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, дастурни амалга оширишнинг аниқ режалари ва 2024-2025 йилларда аҳолини камбағалликдан чиқаришнинг йўналишлари ва ҳудудлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. 

Рақамларга қарайдиган бўлсак, Ўзбекистонда 2020 йилдан камбағаллик билан курашиш мамлакат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Шу йилда  “Кўп ўлчовли камбағаллик индекси” стандартлари ва халқаро тажриба ўрганилиб, бу борада Ўзбекистон методи ишлаб чиқилди ҳамда камбағаллик даражасини аниқлашнинг минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш усули жорий этилди.

2022 йилда маҳаллаларда “Ҳоким ёрдамчиси” институти йўлга қўйилди, ҳар бир камбағал оиланинг индивидуал дастури ишлаб чиқилди. Камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибаси маҳаллийлаштирилди, икки эҳтиёж – озиқ-овқат ва кийим-кечак, уч кафолат – сифатли ўрта таълим, тиббий хизмат ва бошпана билан таъминлаш йўлга қўйилди.

“20 минг тадбиркор - 500 минг малакали мутахассис” дастури асосида камбағал аҳолини ишга қабул қилган тадбиркорларга солиқ, божхона имтиёзлари берилди. Бунинг натижасида, 460 минг камбағал аҳоли касбга ўқитилиб, бандлиги таъминланди.

4 йилда камбағаллик даражаси кескин қисқарди

Маълумотларга кўра, 4 йил олдин 7,5 миллион ёки 23 фоиз аҳоли даромади камбағаллик чегарасига етмаган. Кўрилган чоралар туфайли 2022 йил бошига келиб камбағаллик даражаси 17 фоизга  2024 йилда келиб 11 фоизга тушган. 2030 йилга қадар эса бу кўрсаткични кескин қисқартириш режалаштирилган.  

Эндиликда камбағалликни аниқлаш ҳамда аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича иқтисодиётнинг ўзгаришига қараб, янги ёндашувлар жорий этилади. Кўп ўлчовли камбағалликни аниқлаш мезонининг янги тизими жорий этилади. Бунда, камбағаллик фақатгина даромад ёки истеъмол билан белгиланмайди, балки таълим, тиббий хизмат ва фуқароларнинг кундалик ҳаётига таъсир қиладиган бошқа  мезонлар қамраб олинади. Яна 50 минг гектар ер 100 мингта камбағал оилага бўлиб берилади. Жами 6680 гектар ер майдонида “бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича намунавий лойиҳалар амалга оширилади. Яна бир Хитой тажрибаси асосида, ердан уч хил даромад оладиган тизим жорий қилинади. Ижобий тажрибага эга 100 та энг самарали микролойиҳалар каталоги яратилади. Саноат кириб бормаган маҳаллаларда 2025 йилда 1000 та, 2026 йилда 2000 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва кичик ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади.

Бу борада вилоятимизда ўтган йили қарийб 98,5 минг камбағал оиланинг 72 мингдан ортиғи барқарор ва даромадли ишга жойлаштирилди. Йил давомида 8 мингдан ортиқ фуқаро хорижий тил курсларида ўқитилиб, меҳнат миграциясига юборилди. 

2025 йилда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 87,6 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш режалаштирилган. Бунинг натижасида камбағал оилалар сони 75,5 мингдан 56 мингтага (7,9 фоиздан - 5,8 фоизга) пасайтирилади ва ишсизлик даражаси 5,2 фоиздан 5 фоизга туширилади.

Бундан ташқари, “Бир контур - бир маҳсулот” тамойили асосида ижарага ажратилган ер майдонларида 40 гектардан, жами 560 гектар ер майдонида лойиҳаларни амалга ошириш орқали мингдан ортиқ аҳолининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Мисол учун, 55 та маҳалла фуқаролар йиғини ва 204 мингдан ортиқ аҳолига эга Булунғур туманида оилаларни камбағалликдан чиқариш ва доимий даромадга эга бўлишнинг аниқ режалари ишлаб чиқилган.

- Булунғурда йил бошидаги ҳолатга кўра, 475 та камбағал оила рўйхатга олинган ва тумандаги раҳбарлар 5 тадан оилага масъул этиб белгиланган, - дейди  туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Ибрагимов. - Аввал бу каби амалиётда камбағал оилаларга тикув машинаси, мотокультиватор, пайвандлаш ускунаси каби жиҳозлар бериб, улар рўйхатдан чиқарилган бўлса, эндиликда камбағал оилалар аниқ манзили билан даромадли ишга жойлаштирилади ва олти ойдан сўнг барқарор даромадга эга бўлгач, рўйхатдан чиқарилади. Бунинг учун камбағал оила аъзолари касб-ҳунарга ўқитилади, ишга жойлаштирилади. Агар бу оиланинг аъзоларида ногиронлик бўлса, даволаниши таъминланади. Бунинг учун ҳам тизим яратилган. Мактаб ёшидаги ногирон фарзандлар уйида ўқитилади, хасталиги борлар тиббиёт муассасаларида даволанади. Оддий қилиб айтганда, аввалгидай текинга бирор ускуна бериб, уни ишли қилдик, деган гап-сўзлар бўлмайди.

Туманимиздаги аҳолининг ҳар бирида ўртача 10 сотих томорқа майдони бор. Айрим фуқаролар суғориладиган ва унумдор томорқа ерларидан фойдаланмайдиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Улар билан учрашиб, томорқага қандай экин экиши, чорва, парранда боқиш, ундан даромад олишни тушунтиряпмиз.

Камбағал оилаларга китоб тарқатдим

- 2024 йил сентябрь ойида Гулзор маҳалласидаги ўзимга бириктирилган 5 та камбағал оила билан учрашиб, уларнинг шароитини ўргандим, - дейди  Шерзод Ибрагимов, - даромад олиш имкониятлари, ишга жойлашиш истагидагиларни ишли қилиш, ўқиш, касб-ҳунар ўрганишга хоҳиши борларни ўқитиш чораларини кўрдим. Ҳунар ўрганиш истагидагилар туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими томонидан ўқитилди. Учрашганларимнинг ҳар бирига бир нечтадан бадиий китоб тарқатдим. Китобни кўриб ҳайрон бўлганларга кейинги келишимда китобларнинг мазмунини сўрашимни айтдим. Бу кимларгадир эриш туюлиши мумкин, лекин кейинги борганимда “Яна китоб олиб келмадингизми?”, деб сўрашди. Китоб пул бермайди, лекин маънавиятни ошириб, янги ғояларга йўл очади. Ҳақиқатдан ҳам томорқаларда ўзгаришлар бўлганини кўрдим.

Туманимиздаги 9 та йирик корхонага мутахассис ва ишчилар  етишмайди. Хориждан қайтиб келганларни “Янги Ўзбекистон” массивида 3,5-4 миллион сўмдан 7-8 миллион сўмгача маош тўланадиган ишларга жойлаштирдик. Улар бепул тушлик, маҳалласидан олиб кетадиган транспорт билан таъминланган. Олти ойдан сўнг улар доимий даромадга эга бўлгач, камбағаллар рўйхатидан чиқарилади, лекин ногиронлиги ва доимий парваришга муҳтож фуқаролар "Инсон" ижтимоий хизматлари марказларига доимий бириктирилади.

Дастурда “Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият” тамойили асосида барқарор бандлик ва юқори даромад топишга эришиш, таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш, кафолатланган давлат тиббий хизматидан фойдаланиш, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, яшаш шароитларини яхшилаш, давлат томонидан маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш ва давлат органлари ходимлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни йўлга қўйиш белгиланган. Режаларимизни шу асосда ташкил қилганмиз.

Яна бир йўналишда хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизни қайтариш ва шу ерда даромадли иш ўринларига жойлаштириш белгиланган. Ўрганишларимизга кўра, ҳозир туман бўйича 7,5 минг нафар фуқаро хорижда меҳнат қилмоқда. Қайтиб кетиш истагида бўлган 700 дан ортиқ фуқаро билан учрашиб, юқори даромадли ишлар таклиф қилиняпти. Хорижга ишга кетишни истаганлар туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими томонидан ўқитилиб, маълум мутахассисликка эга бўлгандан сўнг қонуний асосда ишга юбориляпти.

Ўктам Худойбердиев.