Камералар ўрнатилди, жамоат хавфсизлиги таъминланяптими?

Жорий йилнинг 3 январида Президентимизнинг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тасдиқланди.
Ушбу қарор асосида республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар белгиланиб, жамоат хавфсизлиги концепцияси асосида масъул идоралар ва муассасалар учун 2025 йилда ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш устувор вазифа этиб белгиланди.
Хўш, қарор ижроси юзасидан вилоятда нима ишлар амалга оширилди?
Вилоят Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, масъул идора ва ташкилотлар вакиллари билан биргаликда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда жиноятларни барвақт профилактика қилишнинг 1-чорак учун “маҳалла-туман-вилоят” даражасида манзилли чора-тадбирлар йўл хариталари барча шаҳар ва туман, маҳаллалар кесимида ишлаб чиқилган.
Унда ҳар бир вазифанинг маҳалла-туман даражасида ижроси учун бевосита масъул раҳбарлар бириктирилиб, уларга аниқ соҳавий жавобгарлик юклатилган.
Бириктирилган масъул раҳбарлар томонидан жорий йилнинг 1-чораги давомида маҳалла еттилигига берилган амалий ва услубий ёрдамлар натижасида 815 та, яъни 72,4 фоиз маҳаллада умуман жиноят содир этилмаган.
Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида 182822 та маъмурий ҳуқуқбузарлик (56489 таси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати томонидан) ҳамда 126333 таси йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий чоралар кўрилган.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган 276 нафар шахс реабилитация қилиш марказига ҳамда назоратсиз ва қаровсиз қолган 172 нафар вояга етмаганлар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.
Қаерда, нима ўрнатилди?
Вилоят ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳайдовчиларнинг ҳушёрлигини ошириш йўл инфраструктурасини яхшилаш мақсадида 61971 метр квадрат йўл чизиқлари чизилиб, 4 42 та йўл белгилари, 12 та светофор ўрнатилган.
Шунингдек, хавфсиз маҳалла яратиш бўйича жорий этилган маҳалла еттилиги тизимига асосан жиноят содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган 42 мингдан зиёд аҳолининг рўйхати шакллантирилиб, 14 та йўналиш бўйича ажратиб олинган.
Профилактика инспекторлари томонидан 27522 нафар шахслар бўйича муаммоларини ҳал этиш учун маҳалла еттилигига хулосалар берилиб, амалга оширилган ишлар натижасида 8340 нафар аҳолининг муаммолари ижобий ҳал этилган.
Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида “Оғир тоифа”даги ёшлар билан 928 маротаба профилактик тадбирлар олиб борилиб, 268 нафари касб-ҳунарга ўқитилган, 321 нафар ёш иш билан таъминланган ҳамда 343 нафарининг ижтимоий-маиший муаммолари ҳал этилган.
Маҳаллаларга “Ҳудуд камера назоратида!”, “Объект қўриқловда!” ва “Хонадон қўриқловда” каби 6618 та стикерлар жойлаштирилган. Шунингдек, 391 та намунавий хавфсиз кўча ҳамда 987 та намунавий хавфсиз йўлак ташкил этилган.
Киссавурлик жинояти содир этилишининг олдини олиш мақсадида бозорларда, савдо комплексларида, савдо дўкон ва расталарида 364 та техник воситалар ўрнатилди. 31 та жамоат транспорти видеокузатув воситалари билан, 20 таси эса (СОС) ташвиш тугмаси билан жиҳозланган.
Ҳайвон ўғирлиги жиноятларининг олдини олиш мақсадида 28 та молбозор ва 16 та кушхонада видеокузатув мосламалари ўрнатилди.
Маҳаллалардаги аҳоли гавжум жой ва кўчаларга 3080 та видеокузатув камералари қўйилди. Бундан ташқари, кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларига 158 та, маҳаллаларнинг кириш ва чиқиш жойларида юзни ва авторақамларни таниб олувчи 858 камера ўрнатилган.
Натижа қандай?
Ҳудудларда маҳалла еттилиги вакиллари ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминловчи ва унда иштирок этувчи субъектлар билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик чора-тадбирлар натижасида барча соҳалар бўйича қайд қилинган жиноятлар сони 100 минг аҳолига нисбатан вилоят бўйича 50,1 тани ташкил этиб, республикада ижобийлиги жиҳатидан 6-ўринда қайд этилди.
Умумий содир этилган жиноятлар 23,9 фоизи, яъни 520 таси ички ишлар органлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар натижасида аниқланди.
Ачинарли томони, ўтказилган тарғибот ва ташвиқот тадбирларига қарамасдан, фуқароларимиз томонидан осон йўл билан пул топиш, тезда бойиб кетиш мақсадида ҳамда турли хил интернет сайтларига кириб, ўзи тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш оқибатида 885 таси умумий жиноятларнинг 40,8 фоизи ахборот технолгияларидан фойдаланиб содир этилган жиноятларни ташкил этди.
Жиноятлар таҳлилидан келиб чиқиб, қўшма қарор талаблари асосида маҳаллаларда ўзига юклатилган вазифаларни ҳамда профилактик тадбирларни ҳамкорликда ташкил этмасдан, ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони ошиб кетишига йўл қўйган 32 нафар профилактика инспекторлари ҳамда 27 нафар йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг интизомий жавобгарлик масалалари кўриб чиқилиб, 24 нафар маҳалла раисига, 19 нафар ҳоким ёрдамчисига, 23 нафар хотин-қизлар фаолига, 20 нафар ёшлар етакчисига, 15 нафар ижтимоий ходимга ҳамда 17 нафар солиқ ходимига нисбатан тақдимномалар киритилган.
Вилоят ИИБ масъулларининг айтишича, “Е-ижтимоий профилактика” тизими орқали юборилаётган хулосаларни ўз вақтида ижрога қаратиш ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб, қўшма хулосалар тузилишини вилоят даражасидаги еттилик тизим раҳбарияти томонидан кунлик назорат ўрнатилиши ва назорат қилиб борилиши зарур.
Ёқуб МАРҚАЕВ.