Муносабат: “Камералар тез орада янги ҳудудларга ўрнатилади ва ишчи ҳолатга келтирилади”
Аввалроқ сайтимизда “Кузатув камералари қандай ишлаяпти?” сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Ҳолат юзасидан вилоят экология бошқармаси муносабат билдирди.
Унда айрим камералар ҳақиқатан ҳам ишламаётганлиги айтилган.
“2024 йил бошида чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташланишини қайд этиб бориш учун Самарқанд шаҳрида 17 та, Самарқанд туманида 8 та кузатув камералари ўрнатилган. Ҳозирда мазкур камераларнинг 4 таси (Самарқанд шаҳрида 2 та, туманда 2 та) техник сабабларга кўра ўчирилган. Ушбу камералар тез орада янги ҳудудларга ўрнатилади ва ишчи ҳолатга келтирилади.
Бугун Самарқандда ўрнатилган назорат камералари орқали 1 февраль – 21 май кунлари 1004 та ҳолат қайд этилган. Ҳозирда, шундан белгиланмаган жойларга 245 та ҳолат учун транспорт воситаларидан ва 200 га яқин ҳолат учун пиёда фуқаролар чиқинди ташлаганлиги учун уларнинг ҳар бирига 1 миллион 20 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар расмийлаштирилган”, дейилади бошқарма хабарида.