«Канал ёпилмайди»: Озодбек Назарбеков “Маданият ва маърифат” телеканали атрофидаги мунозаралар ортидан баёнот берди

Хабарингиз бор, ўтган ҳафта “Маданият ва маърифат” телеканали ёпилиши ёхуд унинг негизида “Карвон” телеканали очилиши ҳақдаги хабарлар тарқалиб, бу кенг жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлган эди. Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков масала юзасидан ўз муносабатини билдирди.

“Маданият ва маърифат” телеканали Маданият ва туризм вазирлиги таркибига қўшиб берилиши юзасидан билдирилаётган фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилмоқчиман.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Карвон» телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси тайёрланиб, бир неча кун аввал норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими – project.gov.uzda эълон қилинди.
Қувонарлиси, мазкур қарор лойиҳаси жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди ҳамда ижтимоий тармоқда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ҳафта давомида трендга чиққан “Маданият ва маърифат” телеканали атрофидаги фикр-мулоҳазалар миллатимиз зиёлилари, телеижодкорлар юрагида йиғилиб қолган дардларни ҳам ошкор қилди. Бу жўшқин чиқишлар тўлқинида эътиборимни тортган масалалар қаторида қуйидагиларни алоҳида белгилаб олдим:

1. Телеканал номини ўзгартирмаслик;
2. Илмий-маърифий, адабий-бадиий лойиҳаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш;
3. Моддий-техник база масаласига ечим топиш;
4. Меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш масаласини ҳал қилиш;
5. Бадиий ва ҳужжатли фильмлар, умуман, барча жанрдаги медиамаҳсулотни эфирга узатишда лицензия билан боғлиқ масалалар.

Бу ва бошқа ёндош масалалар босқичма-босқич ҳал этилиши лозим, бу жараёнларда эса бутун жамоа бирлашиши, баҳс-мунозара майдонида кўрсатган қатъиятини иш майдонида ҳам намоён этиши зарур деб биламан. Зеро шу юрт, шу халқ вакиллари сифатида барчамиз умумий мақсад йўлида – миллатни юксалтириш, юрт равнақига ҳисса қўшиш йўлида камарбастамиз.
“Маданият ва маърифат” телеканали атрофидаги жўшқин баҳсларда холис иштирок этган барча зиёлиларга юракдан ташаккур айтаман.
Ойдин кунларга етишмоқ йўлидаги хайрли саъй-ҳаракатларимиз яхши самараларга етказсин, барчаларимизни муборак кунлар фазилатидан насибадор қилсин”, дейди ўз муносабатида Озодбек Назарбеков.