Каннабис етиштиришга нима учун рухсат берилди?
Ижтимоий тармоқларда каннабис ўсимлиги етиштиришга рухсат берилганига оид хабарлар турли талқинлар ва тушунмовчиликларга сабаб бўляпти. Адлия вазирлиги ахборот хизмати масалага ойдинлик киритди.
Биринчидан. Кеча Президент томонидан “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи Қонун имзоланди.
Унга кўра, эндиликда каннабис ўсимлиги юридик шахслар томонидан саноат мақсадлари учун етиштирилиши мумкин.
Каннабис – таркибида 0,2 фоизгача миқдорда тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддаси мавжуд бўлган ўсимлик.
Албатта, бунда мазкур фаолиятни амалга оширишга тегишли лицензияга асосан рухсат этилади.
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган, саноат мақсадларида етиштирилишига ва муомалада бўлишига рухсат этилган каннабис ўсимлигининг навлари, уларнинг етиштирилиши ва муомалада бўлиш шартлари Ҳукумат томонидан белгилаб берилади.
Демак, истаган одам истаган жойида ушбу ўсимликни етиштиравермайди.
Иккинчидан, Гиёҳвандлик воситалари тўғрисида Ягона конвенциясида (1961 йил 30 март, Нью-Йорк) каннабисни саноат ва боғдорчилик мақсадларида етиштиришга рухсат этилган.
Ўзбекистон ушбу Конвенцияга 1995 йил 24 февралда қўшилган бўлиб, демак, ҳозирга қадар ҳам мазкур ўсимликни саноат ва боғдорчилик мақсадларида етиштириши мумкин эди.
Таъкидлаш жоизки, техник каннабисдан 30 дан ортиқ турли номланишдаги саноат маҳсулотлари, жумладан тиббиёт (каннабидиол), ёқилғи, тўқимачилик, енгил саноат, қоғоз, қурилиш ва бошқа тармоқлар учун хом ашё маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Шу билан бирга, уни етиштириш нисбатан кам харажат талаб қилади.
Ўзбекистонда етиштириш учун рухсат этилаётган каннабис тури (таркибида 0.2 фоиз тетрагидроканнабинол бўлган) юқоридаги саноат маҳсулотларини ишлаб чиқишга мўлжалланган бўлиб, ижтимоий тармоқда таъкидланаётгани сингари гиёҳванд восита сифати мастлик келтириб чиқармайди (бунинг учун ўсимлик таркибидаги тетрагидроканнабинол миқдори 20 фоиздан ортиқ бўлиши керак).
Қонунчиликка киритилган ушбу ўзгариш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббусига кўра амалга оширилган бўлиб, асосан рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган.
Учинчидан, бу борада хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, бугунги кунда жаҳонда 40 дан ортиқ давлатларда техник каннабисдан саноат мақсадларида фойдаланиб келинмоқда. Шундан Хитой, Франция, Канада, Австралия ва Чили техник каннабисни катта миқдорда етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи минтақалар ҳисобланади.
Жумладан, таркибида тетрагидроканнабинол миқдори Хитой ва Чехияда – 0,3 фоизгача, Италия, Венгрия, Швеция, Бельгияда – 0,2 фоизгача, Россия Федерациясида – 0,1 фоизгача бўлган техник каннабисни саноат мақсадларида етиштириш ва ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун рухсат этилган.
Тўртинчидан, техник каннабис бир қатор ноёб афзалликларга эга. Масалан, мато ишлаб чиқаришда пахта ва зиғир хом ашёсининг, пластмасса ишлаб чиқаришда нефть хом ашёсининг, қурилиш материаллари ва целлюлоза ишлаб чиқаришда ёғоч ва чиқинди қоғознинг ўрнини босиши мумкин ва ҳоказо.
Бу орқали қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, соҳада кластер ишлаб чиқаришини ривожлантиришга тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этиш, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош, ноанъанавий ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳамда чуқур қайта ишлашни ташкил этиш, шу асосда аграр секторда иш унумдорлигини ва меҳнатга ҳақ тўлаш даражасини оширишга эришиш мумкин.