Оқдарёда хонадонида каннабис етиштираётган шахс аниқланди

#Тезкор

56 ёшли киши ҳовлисида 8 туп гиёҳвандлик ўсимлиги етиштирган, хонадони кўздан кечирилганда 30 грамм «марихуана» гиёҳвандлик моддаси топилган

Вилоят давлат хавфсизлик хизмати ҳамда божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорликда Оқдарё туманида тезкор тадбир ўтказди.

Тадбир давомида туманнинг Янгиқўрғон маҳалласида гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят фош этилди.

Шу маҳаллада яшовчи, 1965 йилда туғилган фуқаро У.Ф. яшаш хонадонида ноқонуний равишда 8 туп «каннабис» гиёҳвандлик ўсимлигини етиштириб келаётганлиги аниқланди. Унинг хонадонини кўздан кечириш жараёнида тахминан 30 грамм «марихуана» гиёҳвандлик моддаси борлиги ҳам маълум бўлди.

Ҳозирда фуқарога нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.