Карантин даврида мактабдан ташқари таълим қандай давом этмоқда?

Юртимизда карантин эълон қилинган илк кунларданоқ Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан “Онлайн-мактаб” лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилиб келинмоқда. Учта телеканал орқали 1-11-синфлар учун тўртинчи чорак дарслари узлуксиз давом эттирилди.

Айни пайтда ўқувчиларнинг телевизион дарслардан бўш вақтини самарали ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та муҳим ташаббуси доирасида уйда уларнинг спорт билан шуғулланиши, китоб ўқиши, иқтидорини ривожлантиришига қаратилган онлайн танловлар ташкил этилди. Электрон дарсликлар, бадиий адабиётлардан фойдаланиш, билимини онлайн оширишга қаратилган барча ресурслар бепул қилиб қўйилди. Жумладан, Халқ таълими вазирлигининг uzedu.uz, online-maktab.uz, eduportal.uz, edumarket.uz, uz.khanacademy.org,  kitob.uz каби электрон таълим манбалари ўқувчиларга ҳавола этилди. Ушбу электрон ресурслар орқали ўқувчилар нафақат билимини мустаҳкамлаш, исталган дарслик ва бадиий адабиётни бепул юклаб олиб ўқиш, шу билан бирга, иқтидорини ривожлантиришга хизмат қилувчи турли ўйинлар ўйнаш имкониятига эга бўлди.

Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан “Уйда қолинг!” шиори остида “Фарзандим билан дарс қиламан”, “Биз уйда ҳам спортни танлаймиз”, “Иқтидорингни кўрсат”, “Рақснинг мўжизакор жилоси” “Ҳаётга қўшил!” кўрик-танловлари ўтказилди. Ушбу кўрик-танловларда вилоятимиз умумтаълим мактабларининг минглаб ўқувчилари фаол иштирок этиб келмоқда. Якунланган баъзи кўрик-танловларда юқори натижаларга ҳам эришилди.

Жумладан, Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази томонидан “Уйда қолинг!” шиори остида “Ҳаётга қўшил!” республика кўрик-танловида вакилларимиз муносиб қатнашди. 4 та йўналишда 20 минг нафардан ортиқ ўқувчи орасидан Тойлоқ туманидаги 1-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Нозима Каримова “Энг яхши видеоролик” йўналиши бўйича 1-ўринни, “Энг яхши ижтимоий плакат” йўналиши бўйича Каттақўрғон шаҳридаги 17-ИДУМнинг 5-синф ўқувчиси Маржона Жўраева 2-ўринни қўлга киритди.

Вилоятдаги 17 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари томонидан телеграм ижтимоий тармоғи орқали онлайн тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Тўгарак раҳбарлари томонидан ушбу гуруҳлар орқали ўқувчиларга йўналишлар бўйича топшириқлар бериб, натижаси бўйича уларни баҳолаб боришмоқда. Онлайн тўгаракларда 13 минг нафардан ортиқ ўқувчи аъзо бўлиб, онлайн машғулотларда фаол қатнашиб келмоқда. Ўқувчилар “5 ташаббус уйимизда”, “Ҳунармандлар оиласи”, “Шеъриятни севаман!”, “Қизиқарли карантин”, “Китоблар бизнинг дўстимиз”, “Расмлар танлови” каби онлайн танловлар ва тадбирларда ўз иқтидорини намоён этиб боришмоқда. Ўқувчиларнинг энг яхши ижодий ишлари, уйда бажарган тўгарак машғулотлари вилоят халқ таълими бошқармасининг  t.me/samarqandvxtb,  www.facebook.com/samarqandvxtb  каби расмий каналлари ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам ёритиб келинмоқда.

Айни пайтда Самарқанд вилояти болалар кутубхонасининг барча бўлимлари томонидан “Online library”, “Samvilelektronkitoblar”, “Jajji kitobxonlar”, “Samarqand viloyat bolalar kutubxonasi”, “Online kutubxona\o’quv zali” каби телеграм каналлари ва гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, уларга китобхонларнинг сўровларига биноан электрон ва аудио китобларни мунтазам жойлаштириб, масофавий Online хизмат кўрсатиш давом этмоқда.

Шунингдек, вилоят болалар кутубхонаси телеграмда t.me/samvilkitobxonoila гуруҳи орқали “Китобхон оила: 100 та саволга 100 та жавоб” онлайн танлови ҳам ташкил этди. Ушбу танловда ҳам ўқувчилар ва ота-оналар фаол иштирок этиб, онлайн берилган саволларга жавоб бериб келишмоқда. Энг фаол ва тўғри жавобларни йўллаб, ғолиб бўлган ўқувчи ва уларнинг ота-оналари 1 июнда ташкилотчилар томонидан тақдирланади.

Дарҳақиқат, ўқувчиларнинг ёзги таътили бошланишига ҳам оз фурсат қолди. Ўқувчиларнинг ёзги таътил кунларини мазмунли ўтказишлари учун “Онлайн-мактаб” лойиҳаси доирасида “Онлайн тўгарак” лойиҳасини давом эттириш кўзда тутилган. “Онлайн тўгарак” орқали ўқувчиларнинг бадиий ва техник ижодкорлигини ривожлантириш, спорт, мусиқа ва санъат йўналишларида тўгарак машғулотларини телевидение орқали онлайн эфирга узатиб борилади.

Ориф ЮСУПОВ,

вилоят халқ таълими бошқармаси маънавий-ахлоқий тарбия ва мактабдан ташқари таълим бўлими бошлиғи.