Карантин қоидаларини бузманг, жазоланасиз!
Бугунги кун глобал дунёда коронавирус инфекцияси инсоният ҳамжамиятига жиддий хавф солмоқда. Минглаб одам вафот этмоқда, ўн минглаб одам оғир касалликга чалинмоқда, юз минглаб одам карантинга олинмоқда. Коронавирус пандемияси нафақат инсонларнинг ҳаёти ва соғлиги, балки барча давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигига хавф туғдирмоқда ва жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига сабабчи бўлмоқда.
Коронавирус инфекциясининг кенг тарқалиши сабабли фуқароларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритилиши ва айрим йирик корхоналарнинг тўхтатилиши, ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқаришига, халқаро савдо алоқаларининг издан чиқишига, дунё молия бозорларида хомашё товарлари нархларининг пасайишига ва бошқа жиддий қийинчиликларга олиб келмоқда. Ушбу вазият ва омиллар глобал иқтисодиёт тизимининг бир қисми бўлган Ўзбекистонга ҳам зарарли таъсирини ўтказмоқда.
Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда қисқа даврда бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлар ишлаб чиқилди. “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган 244-5 моддаси билан тўлдирилди. Ушбу модданинг иккинчи қисмида бундай ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек, интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатганлиги учун оғирлаштирилган жавобгарлик кўрсатилиб уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Шу билан бирга, Жиноят кодексининг санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузилиши билан боғлиқ жавобгарлик кўрсатилган 257-1 моддаси жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар билан янги таҳрирда ишлаб чиқилди. Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида Давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувидан ва даволанишдан ўтиш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларни узрли сабабларсиз бажармаслик одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланишига олиб келса айбдор шахс бошқа муқобил жазолар билан бирга беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жиноятнинг жавобгарликни оғирлаштуривчи холатлари сифатида ушбу қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш, агар айбдорнинг ўша қилмиши одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликнинг кучайтирилиши шундан иборатки, бу касаллик ҳеч кимни аямайди ва оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Агар чет эл тажрибасига эътибор қаратсак, ушбу қилмиш учун Италия, Испания, Франция каби давлатларнинг Жиноят кодексларида 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, Хитойда эса ўлим жазоси ҳам кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга назар ташлайдиган бўлсак, уларни айни вақтнинг зарурли талаби эканлигига амин бўламиз. Кодекснинг “Маъмурий жазо” деб аталмиш учинчи боби “Маъмурий жазо ва мажбурлов чораси” этиб белгиланиб, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида тиббий йўсиндаги мажбурий чорасини қўллаш кўрсатилган 29-2 моддаси билан тўлдирилди.
Унга кўра, ушбу шароитда санитария ва эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда, давлат органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги 30 суткагача бўлган мажбурлов чоралари қўлланиши мумкинлиги белгиланди.
Шу билан бирга, бугунги коронавирус эпидемиясининг хусусиятларин ҳисобга олган ҳолда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексидаги эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш учун жавобгарлик кўрсатилган 54-моддаси янги таҳрирда ишлаб чиқилди. Ушбу модданинг биринчи қисмида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида жамоат жойларида ниқобсиз юрганлик учун жавобгарлик кўрсатилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланди.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида эса карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик ҳамда Давлат санитария органларининг тиббий текширувдан ва белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларни узрли сабабларсиз бажармаслик учун жавобгарлик кўрсатилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шуни қайд этиш керакки, қонун ҳужжатларига ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши ҳақида аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун етарли шароит яратиш, юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олишни амалга ошириш, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш учун жавобгарлик ва жазо муқаррарлигини англаш мақсадларида киритилди.
Ботир МАТМУРАТОВ,
Олий Мажлис Сенатининг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси.