Карантин вақтида рухсатсиз олтин қидираётган 26 киши маъмурий қамоқ ва жаримага тортилди
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маълум қилишича, Учқудуқ тумани маъмурий судида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш), 165-моддаси (фаолият билан лицензиясиз ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланиш) ҳамда 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш)да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳаракатлари бўйича Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи 26 нафар фуқарога нисбатан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилди.
Аниқланишича, ушбу фуқаролар республика ҳудудида карантин эълон қилинган бўлишига қарамасдан, 2020 йил 6 апрель куни ниқобсиз бўлиб, карантин туфайли белгиланган мажбурий қоидаларини бузишган.
Шунингдек, тегишли тартибда рухсати бўлмасдан, Учқудуқ туманидаги қўриқланмайдиган конлардан таркибида олтин зарраси бўлган тошларни қазиб чиқаришаётганлиги аниқланган. Яна ички ишлар органлари ходимларининг талабларига бўйсунмасдан, қочиб кетиш ҳақида бир-бирига айтиб, ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажариш бўйича қонуний талабларини бажармасликка даъват этиб, воқеа жойидан яширинишга ҳаракат қилишган.
Суд бу фуқароларнинг айби, улар берган кўрсатмаларидан ташқари билдирги, иш бўйича олинган тушунтириш хатлари, ашёвий далиллар ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган деб ҳисоблади.
Учқудуқ тумани маъмурий судининг 2020 йил 7 апрелдаги қарори билан 26 нафар ҳуқуқбузарларга маъмурий қамоқ ва жарима жазолари тайинланган.