Карантин яқин орада тугамаслиги мумкинми?

Бугун АОКА штабида бўлиб ўтган брифингда Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков қуйидаги саволга ҳам жавоб берди.

➖ Яқинда Президентимизнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишларида, балким, карантин шароитида ишлашга ўрганишимиз ҳам керакдир, деган фикрларини эшитиб қолдим. Карантин яқин орада тугамаслиги мумкинми?

➖ Биз коронавирус пандемияси қачонгача давом этишини аниқ билмаймиз. Ҳеч ким ва ҳеч қандай давлат бу саволга аниқ жавоб бера олмаяпти.

Шундай экан, карантин туфайли корхона ва ташкилотларнинг фаолиятини бутунлай тўхтатиб қўйиш ва эпидемик вазият барқарорлашувини кутиб ўтириш жиддий иқтисодий инқирозларга олиб келиши мумкин.

Демак, коронавирус касаллиги бўйича глобал пандемиянинг салбий оқибатлари чуқурлашиб кетишининг олдини олиш учун ташкилот ва муассасаларнинг санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда эпидемияга қарши тадбирларни тўлиқ бажариб, фаолият юритишларига босқичма-босқич рухсат берилиши керак бўлади.