Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Карантиндан чиққан фуқароларни манзилларига етказмасдан, йўлда ташлаб кетган ҳайдовчига маъмурий чора кўрилди

Тошкентда карантин зонасидан чиққан фуқароларни автобус ҳайдовчиси ўзаро тушунмовчилик сабаб манзилларига етказмаган. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 10 апрель куни Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган карантин ўташ махсус ҳудудида бўлган фуқароларга уйларига қайтиш учун рухсат берилган.

Уларни манзилларига етказиш учун эса “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ жами 11 та MAN русумли туристик автобуслар ажратган бўлиб, шундан 6 таси вилоятларга кетувчи фуқароларни белгиланган манзилларига етказиш учун бириктирилган. 5 та автобус эса Тошкент шаҳрида яшовчи фуқароларни манзилларига етказиб қўйиши белгиланган.

Барча автобуслар фуқароларни белгиланган манзилларга етказган. Фақат пойтахтнинг Жанубий вокзали, 16-шаҳар шифохонаси, Чилонзор метроси, Фарҳод бозори, Олмазор, Себзор йўналишлари бўйича кетаётган автобус сўнгги йўловчиларини ўзаро тушунмовчилик сабаб манзилларига етказмаган.

Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг юзага келган мазкур вазият жамият мутасаддилари томонидан ўрганилган.

MAN русумли туристик автобус ҳайдовчиси М.Х. ҳақиқатан ҳам 3 нафар фуқарони ўз манзилига (Алгоритм мавзеси) етказмасдан, Фарҳод бозори атрофида тушириб қолдирганини тан олган. Оқибатда ушбу фуқаролар йўлда қолиб кетган.

Ҳайдовчининг ушбу хатоси сабаб унга нисбатан маъмурий жавобгарлик жазоси қўлланилган.