“Карьера куни”: 500 нафардан зиёд битирувчи ўзига муносиб иш топди

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида 2024/2025-ўқув йилида университет битирувчиларини иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида “Карьера куни” ўтказилди.

Ушбу тадбир Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, вилоят ҳокимлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали, вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳамда ҳудудий туман бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Таъкидлаш керак, бугунги кунда университетда 5805 нафар талаба таҳсил олади, шундан 860 нафари битирувчи босқич талабалари ҳисобланади.

Тадбирда нафақат Самарқанд вилояти, балки республикамизнинг турли вилоятларидаги 100 дан ортиқ корхона ва ташкилот вакиллари ўзларидаги мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Иш берувчи ташкилотлар университет битирувчи босқич талабаларга ўзларида яратилган шароитлар, ишлаш учун талаб қилинадиган малака ва кўникмалар ҳақида батафсил маълумот берди. Натижада 502 нафар талаба ўзларига мос иш ўрни бўйича улар билан шартномалар имзолади.
Рустам Ҳайитов.