“Касбий ривожланиш куни” тадбирларининг аҳамияти катта

Президентимизнинг Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ўқувчиларни эрта босқичда касбга йўналтиришга қаратилган ташаббуслари доирасида 2024-2025-ўқув йилидан бошлаб умумтаълим муассасалари ўқитувчилари учун фанлар кесимида “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожлантириш соати” тадбирлари босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Эндигина якунланган ўқув йилининг иккинчи чораги давомида мактабимизда ҳам ушбу тадбирлар мунтазам ташкил этилди. Аввало, “Касбий ривожланиш куни” тадбирларига фанлар кесимида муассасамизнинг етакчи ўқитувчилари жалб қилинди. Улар орасидан фанлар кесимида ментор-ўқитувчилар тайинланиб, уларга қўшимча ҳар ойлик устама ҳақ тўланиши белгиланди.
Тадбирларимиз савиясини ошириш мақсадида Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида “Узлуксиз касбий таълим” платформаси имкониятларидан кенг фойдаландик.
“Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожлантириш соати” тадбирларида тажрибали ўқитувчилар ўзаро дарсларга кириб, таҳлил ишларини амалга оширди, камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Хуллас, бу каби тадбирлар ёшларнинг муваффақиятли касб танлаши, меҳнат бозорида ўз ўринини топиши, ўқувчиларнинг салоҳиятини аниқлаб, тўғри йўналишда ривожланишига кўмаклашишга қаратилган мақсадли ишларни қамраб олгани билан аҳамиятли.
М.ДУСМАНОВА,
Самарқанд шаҳридаги 70-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси.