Каттақўрғон шаҳрида “Каттақўрғон наволари” назм кечаси ўтказилди
Очиғи, кейинги йилларда вилоятимизда бундай тадбирлар айтарли ўтказилмаётган эди. Бу хайрли ижодий кеча ҳақида ёзмоқчи бўлган қуйидаги мақоламизни ўқиб, жойларда шундай маънавий-маърифий лойиҳаларни ташкил этувчилар кўпайса нур устига аъло нур бўларди.
Назм кечаси Каттақўрғон шаҳар драма театрида ўтказилди. Тадбирнинг “Каттақўрғон наволари” деб аталиши ҳам бежиз эмас. Чунки унда Каттақўрғонда туғилиб, ўсган, авлодларга салмоқли ижодий мерос қолдирган Ноқис, Холис, Низомиддин Зокиров, Яздон Худойқулов, Асқар Жалилов каби шоирларнинг шеър ва ғазаллари, шунингдек, бугун қизғин ижод қилаётган Эркатош Шукурова, Фазилат Абдуллаева каби шоираларнинг сара шеърлари асосидаги қўшиқлар гулдастаси томошабинларга туҳфа қилинди.
Тадбирда Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова сўз олиб, Каттақўрғон шаҳри тарихи, шеърияти, маданияти ва зиёли халқи билан республикамизда ўз ўрнига эга эканини эътироф этди.
- Ижод халқининг кўнгли тоза бўлади, - деди Г.Алимова. - Ҳамма шеър ёза олмайди. Бу шеърни куйга солиш катта истеъдод ва меҳнат талаб қилса, маромига етказиб куйлаш ҳақиқий санъатнинг ўзгинасидир. “Каттақўрғон наволари” кечасини ташкил этганлар ҳам мумтоз санъатимиз фидойиларидир.
Шаҳар маданият ишлари бўлими томонидан тайёрланган мусиқий кечада каттақўрғонлик шоирлар шеърлари асосида яратилган қўшиқларни таниқли хонандалар - Ўткирбек Очилов, Мақсудбек Раҳимов, Акмалжон Ҳушиев, Маъруф Инатуллаев, шунингдек Фарангиз Санақулова, Бобир Раҳмонов, Нажим Омонов каби истеъдодли ёш санъаткорлар ижро этди.
Тоҳир Ҳамидов.