Каттақўрғонда китобхон ва заковатли ҳарбий хизматчилар аниқланди
Каттақўрғон гарнизонидаги артиллериячилар ҳарбий қисмида китобхонлик куни доирасида зукко ва билимдонларни аниқлаш мусобақаси ўтказилди. Унда иштирокчилардан Мудофаа вазирлиги томонидан тавсия этилган 35 нафар адибнинг асарлари асосидаги саволлар бўйича кроссворд шаклида тузилган жадвални тўғри жавоблар билан тўлдириш белгиланди. Шу тариқа ҳарбий хизматчиларнинг китобхонлиги ва бадиий асарлар мутолаасига қанчалик қизиқишлари аниқланди.
Мусобақада 3 та жамоа – ҳарбий хизматчи аёллардан иборат “Тўмарис” ҳамда эр-йигитлардан таркиб топган “Улуғбек” ва “Темур ворислари” жамоалари ўзаро билимдонлик, хотира мустаҳкамлиги, тезкорлик ва зукколик бўйича беллашди.
Қизғин кечган баҳслар якунида рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳарбий либосдаги маликаларнинг “Тўмарис” жамоаси ғолиб, деб топилди.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.