«Каттақўрғоншаҳаргаз» филиали собиқ ходимининг фирибгарлиги фош қилинди

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ва Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан фуқаролар Н.Алижонова ва Д.Асророванинг аризалари юзасидан текширув ўтказилди.

Аниқланишича, «Каттақўрғоншаҳаргаз» филиали собиқ ходими П.Мансуров фуқаро Д.Асророванинг ишончига кириб, уни алдаган. Табиий газдан мавжуд қарздорлигини “қоплаб” беришни ваъда қилиб, ундан 2016 йил июнь ойида 200 АҚШ доллари ва 700 минг сўм нақд пулларни ҳеч қандай тўлов паттасини бермасдан, фирибгарлик йўли билан олиб кетган.

Бундан ташқари, П.Мансуров ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттирган ҳолда яна бир фуқаро Н.Алижонованинг ишончига кирган ва табиий газдан мавжуд қарздорлигини ўчириб, ҳисоблагич ўрнатиб беришни ваъда қилган.

2018 йил 1 ноябрь куни Н.Алижоновадан аввал 120 минг сўм, бир ҳафтадан кейин ҳисоблагични кўрикдан ўтказиш учун 80 минг сўм, 22 ноябрь куни ҳисоблагич сотиб олиш учун 200 минг сўм, 1 декабрда унга хатлов далолатномаси ва бошқа хужжатларни расмийлаштириш эвазига 300 минг сўм ва 15 декабрь куни 600 минг сўм - жами 1 миллион 300 минг сўм пулларни фирибгарлик йўли ўзлаштирган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида П.Мансуровдан Н.Алижоновадан олинган пулларнинг 700 минг сўми, фуқаро Н.Асроровадан олинган пуллардан 700 минг сўми холислар иштирокида зарарни ихтиёрий қоплаш тариқасида олиниб, тегишли тартибда расмийлаштирилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюросининг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан «Каттақўрғоншаҳаргаз» филиали собиқ ходими П.Мансуровга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, шаҳар прокуратурасига юборилди.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.