Кеча “Аёллар дафтари”га киритилган аёл, бугун катта тадбиркор

Оқдарё туманидаги Пичоқчи маҳалласини ёнғоқчилар маҳалласи, деб айтишади. Чунки бир неча йилдирки, маҳалла аҳли ёнғоқ чақиб, шу орқали даромад қилади, пичоқчилик тадбиркорлар бу маҳсулотни хорижга экспорт қилиш билан шуғулланади.
Маҳаллада фақат ёнғоқ олди-сотдиси амалга ошириладиган бозорча ҳам мавжуд. Бу ерда юртимизнинг турли ҳудудларидан ёнғоқ келтириб сотилади ва олиб кетилади.
Кейинги йилларда маҳаллада автомашина ўриндиқлари учун жилд тикиш ҳам асосий фаолият турларидан бирига, ҳозирги тилда айтганда, драйверга айланди.
Баҳодир Эргашев бошлаган ушбу тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи хонадонлар бугун учтага етди ва уларда юзга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда.
Наргиза Қурбонова ҳам дастлаб ушбу тадбиркорда тикувчи бўлиб ишлаб, кейинчалик ўзи хонадонида жилд тикишни йўлга қўйган.
– 2021 йилда маҳалла томонидан “Аёллар дафтари”га киритилгандим, – дейди Наргиза Қурбонова. – Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ва хотин-қизлар фаоли агар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлсам, имтиёзли кредит берилиши ҳақида айтишганида, таваккал қилиб, 30 миллион сўм кредит олдим-у 3 та тикув машинаси ва хомашё харид қилиб, иш бошлаганман. Унгача бу ишни анча-мунча ўрганиб олгандим. Тайёр маҳсулотга харидор аниқ, уйдан келиб олиб кетишарди. Кейин секин-аста ишларимиз юришиб, буюртмаларимиз кўпайди. Машинкаларни кўпайтирдим, маҳалламиздаги ишсиз аёлларни ёнимга олиб, уларни иш билан таъминладим. Ҳовлимизда қўшимча қурилиш қилиб, икки қаватли устахона қурдик. Ҳозир саккиз нафар ишчимиз бор. Турмуш ўртоғим ва фарзандларим ҳам ёрдам беришади. Энди якка тартибдаги тадбиркор сифатида ишлаяпмиз.
Тадбиркор ўтган йил фаолиятини кенгайтириш мақсадида 50 миллион сўмга замонавий ускуна харид қилиб, автомобиллар салони учун яна бир бутловчи буюм ишлаб чиқаришни бошлади.
– Маҳалламиздаги 7400 аҳолининг 3425 нафари аёллар, – дейди Пичоқчи маҳалласи хотин-қизлар фаоли Зарифа Турсунмуродова. – Уларнинг аксарияти уйида банд, ёнғоқ чақиб, мағзини экспортёр тадбиркорларимизга сотади. Шунингдек, учта хонадонда автомобиллар учун жилд тикилади. Масалан, Баҳодир Эргашевнинг хонадонида 56 нафар, Наргиза Қурбонованикида 8 нафар аёл ишлайди. Бундан ташқари, уйида касаначи сифатида ишлаб, бу тадбиркорларга тайёр маҳсулотни солиш учун махсус сумкалар тикиб бераётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Наргизани ҳам “Аёллар дафтари”дан чиқариш учун унга кредит олиб беришда кўмаклашгандик. Ўз яшаш хонасида иш бошлаганди, мана, фаолиятини йўлга қўйиб, тикувчилик билан шуғулланиш учун катта бино қуриб олди, замонавий тикув машиналари ва дастгоҳлар олди. Энди унинг ўзи ҳам “Аёллар дафтари”даги хотин-қизларни иш билан таъминлаяпти. Яна бир маҳалладошимиз Лобархон Нуруллаева ҳам ўтган йил “Аёллар дафтари”га киритилгач, 25 миллион сўм кредит олиб, замонавий печь ва бошқа воситаларни сотиб олиб, торт, ҳар хил пишириқлар тайёрлаш, нон ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Яна уч нафар аёлни иш билан таъминлади.
Айрим кишилар қўлида ҳунари ёки бирор касбга лаёқати бўлса-да, уни ишга солиб, тадбиркорлик қилишга, шу орқали даромад топишга иккиланади. Лобархон ва унинг турмуш ўртоғи Элдор эса имтиёзли кредит эвазига зарур ускуналарни харид қилиб, буюртма асосида торт тайёрлаш ва қолипли нон пишириб сотишдан чўчимади. Ҳозирда маҳалла ва яқин атрофдаги мактабгача таълим ташкилотларига қолипли нон етказиб беряпти. Томорқадаги икки сотихли иссиқхонада парваришланаётган лимондан ҳам ҳар йили 500-600 килограмм ҳосил олиб, рўзғорга қўшимча даромад бўлаётганини таъкидлайди.
– “Аёллар дафтари”га киритиб, имтиёзли кредит таклиф қилишганида турмуш ўртоғим билан келишиб, ушбу печь ва унга зарур бошқа воситаларни сотиб олиб, тадбиркорлик фаолиятини бошладик, – дейди Лобархон Нуруллаева. – Қисқа вақтда ишни йўлга қўйиб олдик. Маҳалладошларимиз буюртмалари асосида торт ва пишириқлар тайёрлаб берамиз, тўртта боғчага қолипли нон тарқатяпмиз. Ойига ўртача 4-5 миллион сўм даромад қиляпмиз. Бундан ташқари, томорқадан фойдаланамиз, иссиқхонамиз, чорва молимиз бор. Ишимиз ривожланаверса, кейинчалик фаолиятимизни кенгайтирамиз, тадбиркор сифатида ишлаш ниятимиз бор.
Зарифа Турсунмуродованинг таъкидлашича, бу йил маҳалладаги 98 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашилади. Бунда уларни мавжуд иш ўринларига жойлаштириш билан бирга хонадонида касаначилик, чорвачилик билан шуғулланиши ва томорқада меҳнат қилиши ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун белгиланган тартибда ёрдам берилади. Хусусан, маҳалладаги ишсиз хотин-қизларнинг асосий қисмини ипак қурти боқишга жалб қилиш режалаштирилган.
Ғолиб Ҳасанов.