Кечаги ва бугунги исмлар қанчалик бир-биридан фарқ қилади?

Исм инсон ҳаётининг ажралмас бўлаги. Сабаби, кишига ҳар куни исми билан мурожаат қилинади. Шунинг учун исм инсонга ҳар томонлама ёқиши, мос бўлиши керак.

Исм танлашда одамлар қадимдан ўз миллийлигига хос сермаъно номларни хуш кўрган. Масалан, ўғил болаларга довюрак, қўрқмас бўлсин дея Баҳодир, Азамат, Паҳлавон каби исмлар қўйилган бўлса, қиз болаларга чиройли, ораста, назокатли бўлсин дея Гўзал, Дилбар, Лобар, Гулчеҳра каби исмлар берилган. 

Илгари одамлар исм қўйиш борасида зукко эди. Фарзандини билимли бўлишини истаб Олим, Комил, бадавлат бўлишини истаб, Давлатбек, раҳбар бўлишини истаб, Фармон, Ҳукм деб исм қўйган. Аммо шундай давр бўлганки, баъзилар фарзандига иш қуролларининг номини ҳам берган. Болалигимда бувимдан:

- Буви, нега авваллари одамлар Ўроқбой, Болтабой, Тешабой деб исм қўйишган? – деб сўрагандим.

- Илгари одамлар фарзандларига оддий исмлар қўйган. Одамлар боланинг туғилишини кун ва ойларга қараб ҳам номлаб кетаверган. Масалан, бола жума куни туғилса, исмини Жумабой, рамазон ойида туғилса, Рамазон, ражаб ойида туғилса, Ражаб, Ойражаб деб номлашган.

Балки бувимнинг гапларида жон бордир. Айрим одамлар чақалоқдаги бирон хусусият ёки касалликка қараб исм танлаган. Масалан, нор билан туғилган чақалоққа Норбой, Норхол, Норбуви ортиқча бармоқ билан туғилса Ортиқ, Зиёда каби исмлар қўйишган. Агар оилада болалар гўдаклигидан вафот этаверса, Турсун, Тошбой, Турсуной, Маҳкам каби исмлар болани ўлимдан асрайди, деб ишонишган. Ҳақиқатда бундай исм соҳиблари яшаб кетган.

Бундан ташқари, ўзбек тилида унутилиб кетаётган исмлар ҳам бор. Масалан, илгари тўқсон ёшида фарзанд кўрган ота ўғлига Тўқсонбой, саксон ёшида фарзанд кўрган ота эса Саксонбой деб исм қўйган.

Бугунги кунда одамлар фарзандига аввалгидек оддий исм қўйишни истамайди. Баъзилар бола туғилмасдан олдин жозибали ва ёқимли исмлар рўйхатини тузиб, улар ичидан энг маъқул келганини танлайди. Ҳатто интернетда ismlar.com сайти бўлиб, ундан исталган исмнинг маъносини билиш мумкин.

Афсуски, юртдошларимиз орасида ўзи ёқтирган фильм қаҳрамони ёки машҳур футболчининг исмини қўядиганлар ҳам чиқяпти. Масалан, кимдир боласига Роналдо деб исм қўйибди. Боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси интернет тармоқларида тарқалди. Албатта, одамлар бунга ўз муносабатини билдирди. Муносабат билдирганлардан бири: “Аслида Роналдо футболчининг исми эмас фамилияси. Яхшиям боласига Криштиану, деб исм қўймабди”, деган. Ҳақиқатан ҳам футболчининг исми Криштиану бўлиб, унинг маъноси “Масиҳга бағишланган” ёки “Масиҳнинг издоши”, деган маънони билдиради.

Болага исм танлашда унинг маъносига аҳамият бериш керак. Машҳур ёки жарангдор экан деб тўғри келган исмни қўйиб бўлмайди. Эртага унинг маъноси менталитетимизга тўғри келмаслиги, бола исмидан норози бўлиши мумкин. Қаердадир ўқигандим, бир эркакдан исмини сўраса, “Исмимни айтишдан уяламан, исмим Райҳон”, деган экан. Яна бир киши ўзининг Жонон исмидан норозилигини айтган. 

Тўғри, биз кўпинча ўзбекча исмлар билан бирга форсча, арабча исмларни ҳам яхши кўрамиз. Фақат уларнинг маъно-мазмунини тушуниб, кейин қўллашимиз мақсадга мувофиқ. Ҳақиқатда исм инсон руҳиятига таъсир қилади. Агар шундай бўлмаганида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам исломга кирган мушрикларнинг баъзиларининг исмларини ўзгартирмасди. Бу ҳақда тарихий китобларда қайд этилган.

Шунингдек, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари Амина ҳомиладорлик пайтида уч марта тушида бир киши “Болангнинг исмини Муҳаммад қўй”, дегани ҳақидаги маълумотлар ҳам исломий китобларда келтирилган. Муҳаммад исмининг маъноси – тўхтовсиз, тинимсиз, ҳамиша мақталадиган, деганидир.

Ўрта Осиёга ислом келганидан буён ота-боболаримиз фарзандларига Муҳаммад, Муҳаммадали, Нурмуҳаммад, Муҳаммаджон, Ойша, Хадича каби исмларни кўпроқ қўйган. Бу анъана асрлар оша давом этиб келган. Фақат собиқ совет ҳукумати даврига келиб, ушбу исмлар боланинг туғилганлик гувоҳномасига Мамат, Мамадали, Нурмамат деб бузиб ёзилган. Одамлар ҳам бора-бора ушбу исмларга кўниккан. Ҳатто баъзи исмлар русча талаффуз қилина бошлаган. Масалан, Гулнора, Гуллола, Гуландом каби гул билан бошланадиган исмлар сўзлашувда “Гуля”, Алижон, Алишер, Алибек каби исмлар “Алик”ка айланган. Боря, Федя, Коля исмлари истиқлолга эришганимиздан сўнг Ботир, Фарҳод, Камол каби ўзбекча исмларга айланди. Тўғрироғи, одамлар қисқартма исмлардан воз кечиб, кишиларга ўз исми билан мурожаат қиладиган бўлди.

Ўша даврда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларга ўзбекча исм-шарифлар русча талаффузда бузиб ёзилди. Бунинг асорати ҳалигача давом этиб келяпти. Масалан, таҳририятга мақола кўтариб келган кишиларнинг айримлари паспортидаги фамилияси қандай ёзилган бўлса, газетага ҳам шундай чиқишини истайди. Ҳолбуки, газетхон буни ўқигач, таҳририят ходимлари хато ёзибди, деб ўйлайди. Ҳамон орамизда исм-шарифидаги хатоларни тузатишни истамайдиганлар топилади. 

Нима бўлган тақдирда ҳам бугун замон ўзгарди, одамларнинг тафаккури тараққий этди. Энди улар исмларнинг инсон ҳаётига таъсир этишини яхши билади. Фарзандини етук мутахассис, олим, солиҳ, келажаги порлоқ бўлишини истаган кишилар исм танлаш борасида етти ўлчаб, бер кесади. Буни таҳлиллардан ҳам кўришимиз мумкин. Маълумотларга кўра, Муҳаммадали ва Солиҳа исмлари 2023 йилда энг кўп қўйилган исмлар рўйхатида биринчи бўлган, яъни 24 мингдан ортиқ қизалоққа Солиҳа деб, 27 мингдан ортиқ чақалоққа Муҳаммадали деб исм берилган. Шунингдек, қиз болаларга Ясмина, Муслима, Хадича, Имона, Шукрона деган исмлар кўпроқ қўйилган бўлса, ўғил болаларга Мустафо, Абдуллоҳ, Муҳаммад, Муҳаммадюсуф каби исмлар берилган.

Хўш, хорижликлар қандай исмларни ёқтиради? Кейинги йилларда Россияда ўғил болаларга Александр, қиз болаларга Анастасия исмлари кўпроқ қўйилаётган экан. Худди шундай Хитойда Вэй ва Фанг, Германияда Бен ва Эмма, Японияда Минато ва Сакура, Ҳиндистонда Арав ва Адия, Италияда Франческо ва София исмлари машҳур ва кўп тарқалган исмлар ҳисобланаркан. Ушбу исмлар ҳам ўша халқларнинг миллийлиги асосида вужудга келган.

Хуршида Эрназарова.