Кекса ва ногиронларга уларнинг уйида паспорт берилмоқда

Самарқанд тумани ички ишлар бўлими миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси ходимлари туманда яшаётган имконияти чекланган фуқароларга биометрик паспорт бериш ва расмийлаштириш жараёнларини уларнинг уйларига бориб, махсус мобиль қурилмадан фойдаланган ҳолда амалга оширмоқдалар. Бундай саъй-ҳаракатлар натижасида 2019 йилнинг январ ойида 106 нафар фуқаро биометрик паспортга эга бўлди.

- Ёшим 82 да, саломатлигим ёмонлашгани туфайли кўп юролмайман, - дейди тумандаги Равонак маҳалласида яшовчи онахон Самара Каримова. – Аммо эски паспортимни янгисига алмаштиришим керак эди. Мана, шу иш билан шуғулланувчилар уйимга келиб, биометрик паспорт бериб кетишди. Бундан жуда хурсанд бўлдим.

Таъкидлаш лозимки, Самарқанд туманида аҳоли сони 232 минг 301 нафарни ташкил этади ва уларнинг 161 минг 517 нафарини паспорт оладиган ёки алмаштирадиганлар ташкил этади.

Ҳозирги кунгача барча фуқаролар биометрик паспорт билан таъминланган. 2019 йилнинг январь ойида жами 1225 нафар фуқарога янги Ўзбекистон Республикаси биометрик паспортлари расмийлаштирилди.

Ширин НОРМАТОВА.