Кексалар эъзоз ва эҳтиромга лойиқ

Айни кунларда “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш - халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида “Кексалар ҳафталиги” ўтказиляпти.

Ҳафталик доирасида жойларда қатор маънавий-маърифий, спорт, ободонлаштириш ва хайрия тадбирлари ўтказилиши белгиланган.

Вилоятимиздаги барча маҳаллаларда нуронийлар, шу жумладан, “Саховат” ва “Мурувват” интернат-уйларида истиқомат қилаётган кексалар иштирокида маданий-маърифий тадбирлар, музей, зиёратгоҳ ва қадамжолар, юртимиздаги диққатга сазовор жойларга саёҳатлар ташкил этилади.

Бугун ҳафталик доирасида Самарқанд шаҳридаги “Саховат” интернат-уйида яшовчи кексалар учун байрам тадбири ташкил қилинди. Унда таниқли шоир, ёзувчи ҳамда санъаткорлар ўз чиқишлари билан тадбир иштирокчиларини хушнуд этди. Тадбир сўнгида вилоят “Нуроний” жамғармаси томонидан кекса авлод вакилларига совғалар улашилди. 

Бу каби хайрия тадбирлари туманларда ҳам бўлиб ўтяпти. Хусусан, Булунғур педагогига коллежида тумандаги кекса авлод вакиллари учун байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда нуронийлар бугун юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунда кексаларга қаратилаётган эътиборни миннатдорлик билан таъкидлади.

- Бугунги тадбир мамлакатимизда нуронийларнинг қай даражада эътиборда эканлигидан дарак беради, - дейди туман "Нуронийлар" жамоатчилик кенгаши раиси Очил Аҳмедов. –  Ҳафталик давомида ёлғиз кексалар хонадони ҳашар асосида ободонлаштирилади, малакали шифокорлар томонидан чекка ва олис ҳудудларда ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.

Тадбир давомида ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди. Эл-юрт ривожи, маҳалла тинчлигига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган нуронийларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Сулаймон Мардиев.