Келаси йил бошида аҳоли ва қишлоқ хўжалиги рўйхатга олинади

2026 йил 15 январдан 28 февралгача мамлакатимиз аҳолиси ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади. Бу мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини стратегик режалаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Рўйхатга олиш орқали 38 миллион аҳолининг ёши, оилавий ҳолати, таълим даражаси, миграция жараёнлари, иш билан бандлиги ва даромад манбалари ҳақида ягона маълумотлар базаси шакллантирилади. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачилик кўрсаткичлари аниқланади.

Тадбир икки босқичда амалга оширилади. Аввалги 17 кун давомида фуқаролар “census.stat.uz” портали орқали OneID тизими ёки ЖШШИР (жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами) ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин. Кейинги босқичда эса “маҳалла еттилиги” ва бошқа фаоллар уйма-уй юриб маълумот тўплайди.

Ҳозирда жойларда тайёргарлик ишлари изчил олиб борилмоқда. Маҳаллаларда, мактабларда ва таълим муассасаларида аҳолига рўйхатнинг мазмун-моҳияти ва мақсадлари ҳақида тушунтиришлар берилмоқда.

Йиғилган маълумотлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш дастурлари учун асосий манба бўлади.

Бундан ташқари, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари миллий барқарор ривожланиш мақсадларини баҳолаш, халқаро рейтингларда мамлакатимизнинг ўрнини юксалтириш, хорижий инвесторларни жалб қилиш ва туризм салоҳиятини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.