«Келин»нинг оши

Талабалик йилларини бежизга «олтин давр» демаса керак. Сабаби – бу йиллар талабалар учун ўзига хос эркин ва ҳавойи давр ҳисобланади. Эсда қоларлик қизиқ-қизиқ ҳангомалар, хотира учун арзигулик воқеа-ҳодисалар ҳам ана шу ўтган тўрт-беш йиллик жараёнда кечади.

Суннатилла, Собир ва мен биринчи ётоқхонанинг иккинчи қаватидаги ўн олтинчи хонада «истиқомат» қиламиз. Топган-тутганимиз ўртада. Айниқса, стипендия олган кунларимиз биз учун байрамга айланиб кетади. Шундай кезларда Суннатилла наманганча ошга уннайди. Собир эса дўконга югуради. Таъбнинг тортишига қараб ё «оқи»дан, ёки «қизили»дан келтиради.

Олган стипендияларимиз охирлаб, чўнтакларнинг ҳовури пасайиб, ризқимиз нон-чой ва чақмоқ қандга қолган кунларнинг бирида, кечки пайт Бухородан Собирнинг тоғаси келиб қолди. У киши олиб келган нон, майиз, олма, туршак ва конфетларни ўртага қўйиб, дастурхон тузадик. Бундай пайтларда ғайрати жўшиб кетадиган Суннатилла елиб-югуриб чой дамлади.

- Йигитлар, сизларни бир меҳмон қилай, бу яқин атрофда қаерда тузукроқ ошхона бор? – деди Собирнинг тоғаси тараддудланиб.

Вақт кеч бўлиб, ошхоналар аллақачон ёпилган, фақат ярим тунгача ишлайдиган ресторанларгина қолган холос.

- Сиз ҳеч ташвиш чекманг, чой ичиб туринг, - деди Суннатилла ва "Мен ҳозир", деди-да, жойидан илкис қўзғалиб, меҳмоннинг орт тарафига ўтди ва мени эшикка имлади. Бошлашиб, коридорга чиқдик. Шовқин анча сусайган, одам сийрак эди.

- Сен шу ерда кутиб, эшикларга қараб тур, - деди у менга ва чап тарафдаги иккита газ плита турадиган ошхона томонга илдам юриб кетди. Ҳаял ўтмай қайтиб келди-да:

- Ҳали бироз бор экан, - деб ичкарига кирди.

Ҳеч нарсага тушунмай, унинг ортидан хонага кирдим. Тоғаси билан суҳбатлашиб ўтирган Собир нима гап, дегандай, менга тикилди. Мен елкамни қисдим. Бу орада меҳмон билан пича суҳбатлашиб, бир пиёладан чой ичдик. Суннатилла мени яна эшикка имлади.

- Ҳушёр бўлиб, қараб тур. Қизлар чиқса томоқ қирасан, – деди менга.

Мен эшик ёнида қолдим.

- Нима гап, - дегандим, у қўл силтаб, ошхона томонга кетди.

- Эшикни оч, – деди қопқоғи ёпилган қозончани кўтариб келаётган Суннатилла. У лип этиб хонага кирди-да, эшикни ёпиб, зулфини ўтказиб қўйди.

Кейин меҳмонга изоҳ берди:

- Ҳе йўқ-бе йўқ, хонага кириб келаверишади, талабаларнинг одати шунақа…

Суннатилла қозон қопқоғини очиб, ош юзидаги ликопчани олди. Ош ва зиранинг димоғни қитиқловчи ҳиди бутун хонани тутиб кетди.

- Аллақачон ош ҳам тайёр-ку, – деди меҳмон қозонга қараб.

Собир эса менга кўзини қисиб:

- Суннатилланинг хотини меҳмон келганини эшитиб, ош дамлаган экан, - деди.

- Шунақами? – деди меҳмон ажабланиб.

- Келин ҳам келганми, - қайта сўради меҳмон.

- Йўқ, - дедим мен, - у киши ҳам шу ерда ўқийди, фақат бошқа хонада туради.

- Оҳ-оҳ, ажойиб ош бўлипти.
Тоға қошиқни бир четга қўйиб, қўли билан ола бошлади:

- Келиннинг умри узоқ бўлсин.

Ош ейиш асносида Собир тоғаси у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирди.

Суннатилла билан ёнма-ён эшикка яқин ўтирганим учун бутун вужудим қулоққа айланиб, эътиборим коридорга қаратилган эди. Бир пайт коридорда гурс-гурс қадам товуши эшитилиб, қиз боланинг: «Тешиб чиққурлар», деган овози қулоғимга чалинди. "Биофак"даги Замира эди бу. Ҳали тез-тез чойга қатнаб турган Суннатилла Замиранинг ош дамлаётганини кўрган экан-да, деган фикр ўтди хаёлимдан.

- Ҳа, дарвоқе, - деди меҳмон чой ичаётганимизда:

- Келин-куёв ижарага уй олиб, бирга яшайверсанглар бўлмайдими? Кир-чир, ош-овқат дегандай…

Суннатилла каловланиб, қовун тушириб қўймасин, деб гапни илиб кетдим:

- Ҳали тўй бўлган эмас. Фақат айрим расм-русумлар ўтказилган, холос. Тўй худо хоҳласа, ёзда бўлади.
Меҳмон "Шундайми?", дегандай бош ирғаб қўйди.

- Аммо, хотиндан ялчибсан, жиян, - деди меҳмон дастурхонга фотиҳа қила туриб. - Овқатни шундай тез ва ширин тайёрладими, демак рўзғорнинг бошқа юмушларига ҳам чаққон бўлади-да…

Эрталаб одатдагидай дарсга шошилдик. Тоға эса уйга қайтадиган бўлди. Учаламиз ташқарига чиқдик. Суннатилла эса пайт топиб, қозонни жойига қўйиб келиш учун орқада қолди. У қозонни кўтариб, ошхонага борганда Замира газ плитаси ёнида пойлаб турган экан. Суннатиллани кўриши билан ўшқира кетди:

- Ҳа, тешиб чиққур, ўғри мушуклар! Ўзларинг ош қилиб есанглар қўлларинг синиб тушадими?

- Кўп шовқин солаверма, илтимос. Анча кеч бўлиб қолганда меҳмон келиб қолди, - деди Суннатилла овозини пасайтириб. - Ўзинг яхши биласан, меҳмон ёши улуғ эди, шунга мажбур бўлдик.

- Тағин йўқ меҳмонни баҳона қилишини-чи, қасамхўрлар! -  қизариб-бўзариб ўшқирарди Замира.

- Ишонмасанг, юр, ана пастда Собирнинг тоғаси турибди. Ўзинг кўрасан.

- Меҳмон-пеҳмонингни билмайман, икки баробар қилиб қайтарасанлар!

- Хўп-хўп, Собирга тоғаси анча пул берди. Уч баробар десанг ҳам тўлаймиз.

Суннатилла китоб-дафтарини қўлтиғига қисиб, зинадан пастга туша бошлади. Замира унинг ортида ҳамон тўнғиллаб борарди:

- Еб тўймас, очофатлар!

Шунда Суннатилла Замира томонга бурилиб, лабларига бармоғини босди:

- Тиш-ш-ш, илтимос, шарманда қилма!

Улар ётоқхона олдидаги майдончага тушганларида Собир такси ёнида турган тоғаси билан қучоқлашиб, хайрлашаётган эди.

- Раҳмат, келин. Илоё бахтли бўлинглар, ош жудаям мазали чиқибди. Қўлинг дард кўрмасин. Тўйга мениям, албатта, айтинглар. Совғанинг зўрини ўзим опкеламан.

Замира эса қўлини кўксига қўйиб, ерга тикилган кўйи турарди.

Тоға таксига ўтирди. Машина жойидан жилгач, Замира энди азбаройи тутақиб кетди:

- Мени қайси бирларинг келин, дединг, ҳу, маразлар!

- Энди шунақа бўп қолди, Замирахон, - деди ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилиб Суннатилла. - Кутилмаганда меҳмон келди, осмондан тушгандай ош пайдо бўлди. Нима дейишимиз керак эди.

- Ҳе, келин демай кетинглар. Мен билмайман, тўлайсизлар, вассалом!

- Хўп, тўлаймиз.

Биз дарсга жўнадик. Замира бўлса ортига бурилиб, ётоқхонага кириб кетди.

Ўринбой НОРМАТОВ.