Кениялик фермернинг ғаройиб топилмаси

Жазирама Африканинг қайси бир ҳудудида бўлманг инсоният ўтмишидан ҳикоя қилувчи сон-саноқсиз топилмаларни учратишингиз мумкин. Улар орасида қадимий одам ва ҳайвонларнинг суяклари, ўчоқ, асбоб-ускуна, тақинчоқлар ва ҳатто излар ҳам бор. Айниқса, тош асрига оид қуроллар энг яхши сақланиб қолган. Аммо, уларнинг ёшини аниқлаш жуда мушкул. Камдан кам ҳолатлардагина уларни қайси даврга хос эканлигини билиш мумкин.

Кениянинг Нароке ҳудудида жойлашган Эор Энкиток қишлоғида яшовчи фермер Фрэнсис Яйпан ўз молхонаси ёнидан сув томчисига ўхшаш ғалати тошни топиб олади. Дастлаб Кения миллий қўриқхонаси билан боғлиқ бўлса керак деган хаёлга борди. Инсон кафтидек келадиган тош бўлагининг икки тарафи яхшилаб ишлов берилган. Аниқланишича, ушбу тош қурол ўн минг йил илгари одамзод томонидан вулқон қотишмаларидан ажратиб олиб ясалган экан.

Найроби миллий музейи ходимларининг фикрига кўра, вулқон қотишмаларидан тайёрланган юзлаб тош қуроллар ҳали ҳам топилмоқда. Кения шимоли-шарқидаги Туркан водийсида топилган тош асрига оид қурол 3,3 миллион йил илгари ясалган экан. Қазишма ишлари вақтида топилган иш қуроллари ўта замонавий рентген ускуналари ёрдамида текширувдан ўтказилганида уларнинг «кенжаси» 800 йил илгари ясалганини кўрсатмоқда. Бу эса инсон маданияти эволюциясининг тарихи қора қитъа саҳроларидан бошлаганидан дарак бермоқда.

Ҳар қандай таҳлиллар янги топилмаларнинг ҳақиқий ёшини аниқлашда ёрдам беради. Шунингдек, бу қуроллардан нима мақсадларда фойдаланилган, уларнинг ёши нечада, ясашда қадимги масаи қабиласи вакилларининг қўли борми, деган саволларга ҳам жавоб олиш мумкин.  

Кениялик тадқиқотчилар қадимдан шу ерларда яшаб ўтган масаи қабиласи оқсоқолларидан дарё ёнидаги ғор, яъни энкамуне ҳақида ҳам маълумот олишга ёрдам берди. Бу тошдан ўйиб ясалган ғорнинг ёши 40 минг йил экан. У қадимда қурол-яроғ ясовчи устахона бўлган деган фаразлар бор.

Дил МУРОД тайёрлади.