Кибр ила исроф камбағаллик келтиради

Мир Алишер Навоий “Ҳайрат-ул аброр” асарида:
Сочмоқ овуч бирла гуҳар от учун,
Нақд этак бирла, мубоҳот учун,
Ақл ҳисобидан эрур бас йироқ,
Бухл бу жудингдан эрур яхшироқ, деб ёзади.
Ҳазрат Навоий ном чиқармоқ учун дур-у гавҳарларни ҳовучлаб сочмоқ, ақлдан йироқликдир, деб бизни огоҳлантирадилар. Шон-шуҳратга, обрў-эътиборга дабдабабозлик билан эришилмайди. Бир умрлик иззат-эътиборга, тўй баҳона исрофгарчилик ила сазовор бўлинмайди. Манманлик ила тўкин бир оилани, яъни қуда томонни бир умр синдириб, қарздорлик ботқоғига ботириб, қариндошлик ришталарини боғлаб бўлмайди.
Бировни қақшатиб, тўй ўтгангандан кейин эгик бошини кўриб ҳузурланиш мусулмончиликдан эмас. Гўдакларнинг ризқини қирқиб, кексаларнинг умрини қисқартиб, сизнинг хурмача қилиқларингиз, яъни ўзингиз “ихтиро” қилган орзу-ҳавас ниқобидаги “обрў”ингиз ила ҳурматга лойиқ кўрилмайди.
Кибрни юқумли касалликка ўхшатаман. Касалликнинг эса турлари жуда кўп.
Бу сафар кибр туфайли келиб чиқадиган исрофгарчиликнинг турлари ҳақида гапирмоқчиман.
Бу вақт исрофгачилиги, демакки, умр ва бахт исрофгачилиги. Бу ризқу-рўз исрофгарчилиги. Беҳудага кетган ҳалол меҳнат, пешона тер, яъни соғлик–саломатлик исрофгарчилиги.
Назаримда, кибр ва исроф сўзларининг ёнида қадрига етмаслик, инсофсизлик, лоқайдлик, нонкўрлик, бемеҳрлик ҳатто, бешафқатлик, нобуд қилиш, йўқ қилиш, вайрон қилиш деган сўзлар туради.
Шу йилнинг 17 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги ёндашувлар асосида камбағалликни қисқартиришга оид чора- тадбирлар тақдимоти билан танишди.
Бу йил 5 миллион 200 минг фуқаронинг бандлигини таъминлаш ва 1,5 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсад қилингин. Биринчи марта 60 та туман ва шаҳар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилади. Умуман, жорий йилда 6 минг 472 та маҳаллада янги ёндашувлар асосида лойиҳалар амалга оширилиб, 210 минг нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилади. Чекка ҳудудлардаги, оғир тоифадаги қишлоқларга алоҳида эътибор қаратилади. Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси уларга ишчанлик руҳини олиб кириб, боқимандаликни камайтиришга, камбағал оилалар меҳнатини қўллаб-қувватлашга масъул бўлади.
Халқимизда “Нимани хор қилсанг ўшанга зор бўласан”, деган ҳикматли гап ҳам бор. Ҳовлисида 10-15 сотихдан кўпроқ ери бўла туриб, бу хазинадан унумли фойдаланмайдиган қишлоқдошларимиз ер юзи аҳолисининг етмиш фоизининг бир қарич ҳам шахсий ери йўқлигини билармикин?
Ҳукумат даражасида томорқа хўжалигини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилаётган қарорлар, халқнинг тўқ ва бадавлат яшаши, фаровон умр кечириши учун дастуриламал эканидан хабардормикин? Албатта йўқ. Хабари борлар ерга, ҳовлисидаги томорқага хазина деб қараб, шу сабаб ҳам бой-бадавлат яшамоқда.
Кундан-кунга, йилдан-йилга томорқани парваришлаш тажрибаси ортиб, элимиз дастурхонининг кўркига айланмоқда. Сурхондарёда 10 сотих еридаги иссиқхонага лимон экиб, 80 миллион сўм даромад кўраётган оилани, Тошкент вилоятида 4 сотих ерга бодринг экиб, 40 миллион сўм даромад қилаётган, 20 сотихли иссиқхонадан 130 миллион сўмдан зиёд даромад олаётган оилаларни кўрдим. Томорқадан фойдаланишни андижонликларга чиқарган-да: 16 сотих томорқадан унумли фойдаланиб, иссиқхонани йилдан йилга кенгайтириб, замонавий уйлардан сотиб олишади. Фарзандларини ўқитиб, келажагини таъминлайди. 16 сотих ери бор одам 3 та фарзандини контракт пулини, қўшимча пулли курсларга ўқишини бемалол тўламоқда. Уйғоқ одамларнинг вақти режалаштирилган, ёзда иссиқни, қишда совуқни баҳона қилиб, телевизорнинг рўпарасида ёнбошлаб ётмайди. Улар замону-макондан нолиб, оғирни устидан, енгилни остидан юрувчилар эмас.
Республикамизнинг қишлоқларида ерни қадрловчилар кўп. Афсуски, лоқайдлар, ҳали ҳам “Олма пиш, оғзимга туш” деб турганлар талайгина. Томорқадаги ерга ишлов беришни билмайдилар. Билмайдиганлар — билишни хоҳламайдиганлардир. Ердан фойдаланиш учун катта илм керак эмас! Озгина ҳафсала бўлса бас. Еримиз жаннат. Ерни боқсанг, ер сени боқади.
Ер юзида 900 миллиондан зиёд аҳоли тўйиб овқатланмайди.
2024 йилда дунёда очарчиликдан азият чекувчилар сони 1,6 миллирддан ошиб кетди. Бу кўрсаткич йилдан йилга ошмоқда. Бу ҳақда ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти хабар бермоқда.
Бу хабарларни ўқир эканман, кўз ўнгимга ижтимоий тармоқларда суратлари намойиш этилаётган чиқинди уюмлари ёнида, бутун дунё аҳлига озғин қўлчаларини чўзиб, “Нон беринг!” деб илтижо қилиётган гўдаклар, боласини бағрига босиб, бир парча нон, бир қултум сув сўраётган оналар, егулик излаб ўзга юртларга томон хор-у сарсон кетаётган эгилган бошлар, нон ҳиди келаётган мамлакатлар соҳилига етай деб, қайиқларга оғирлик қилиб, бола-чақаси билан чўкиб кетаётган минг-минг оилалар келади.
Элдошим, бир лаҳзага бўлсада ўша очликка маҳкум гўдакларнинг ота-онасини ўрнига ўзимизни қўйиб кўринг! Йўқ!
Ҳа, ҳатто тасаввур қилиш қўрқинчли! Бола нон сўраса-ю, ота-она иложсиз бўлса... ҳатто, ўйлаш оғир!
Элдошим, ҳовлимиздаги олтиндан қиммат ерга эгилайлик! Тупроқни ҳидлайлик! Ундан бараканинг ҳиди келади. Ундан райҳонларнинг, жамбилларнинг бўйи келиши бизга боғлиқ эмасми? Тўкинлик, бахтиёрлик хонадонимизни тарк этмаслиги виждонимизга ҳавола эмасми?!
Бир ҳовлида меҳнатга яроқли учта одам яшаса-ю, ҳеч бири кетмон ушлаб ҳовлиларидаги ерга ишлов бермаса, қўйхона, молхонадан чиққан чиқиндиларни увитиб, шарбат қилиб дарахтлар озиқлантирмаса, суғормаса. Таглари юмшатилмаган боғ, қаердан боғ бўлсин? Томорқа қаердан томорқа бўлсин? Қўшимча даромад қаердан бўлсин? Қўшимча даромадсиз ким бой бўлиши мумкин?
Бу қаровсизликдан қотиб, тош метинга айланган ерларнинг уволи тутмасми? Дангасалик туфайли битта-битта қуриб, йўқолиб кетаётган бол томувчи боғларнинг заволи урмасми? Ахир, ернинг исрофи, боламизнинг оғзига тегиб турган неъматнинг исрофи эмасми?
Она ер. Ҳа, биз, ўзбеклар ер сўзини она сўзига қўшиб айтамиз. Ўзбекнинг далалари бор экан, у ҳеч қачон зориқмас. Не ейман, деб ториқмас. Бировнинг қўлига қарамас. Ўзганинг боғларига ўғринча қайрилмас. Бегонанинг хирмонига қўл узатиб ғуруридан айрилмас.
Момо ер. Биз, ўзбеклар ер сўзини момо сўзининг ҳам ёнига лойиқ кўрамиз. Момо –онамизнинг онаси. Момо - отамизнинг онаси. Ўзбек момосини ташламаган-ку, оғзига нон тутган қўлларни тишламаган-ку! Момонинг рўмоллари ўпилганку, этакларида номоз ўқилганку, букчайиб қолган елкасига меҳрлар ёпилганку. Қани момо ердан қарздорлик туйғумиз? Момодан уялмоқ керак! Биз момо ер олдида, момомиз олдида уятдан қизаргандек қизармоғимиз керак эмасми?!
Қиш қиличини қайраб турган январь ойида Сурхондарёга бордим. Ҳосилга кирган лимонзорлардан кетгинг келмайди. Балки жаннат гулларининг хушбўйи шундай бўлар. Лимон гулларининг ҳидини тиббиётчиларимиз “Ароматерапия”, деб номлаб, айниқса қиш чоғи асаби толиққан беморларга лимон экилган иссиқхонага кириб ярим соат-бир соат ўтиришни тавсия қилишар экан. Лимоннинг ўзику неча хил дардга даво. Дастурхонидан лимон аримайдиган рўзғорга касаллик келмайди.
“Иш иштаҳа очар, дангаса ишдан қочар”, деган халқимизнинг мақоли бор. Бир йил томорқадан яхши даромад кўрган оила кейинги йил бундан кўпроқ фойда олади. Кейинги йил аввалги йилги камчиликларни такрорламайди. Тажриба секин-секин тўпланади. Тажриба эса муваффақият гарови. Чет элда тажриба катта пулга сотилади. Сурхондарёлик тадбиркор деҳқонлар эса лимончилик бўйича орттирган тажрибаларини қўшни вилоятлардан келган дўстларига ҳам бажонидил ўргатишмоқда.
- Ҳар йил баҳорда хонадонма-хонадон юриб, аҳолига томорқадан тўғри фойдаланиш йўл-йўриқларини тушунтирамиз, кам таъминланган оилаларга полиз экинларининг уруғларигача тарқатамиз. Пири бадавлат кексаларимизни тажриба алмашишга олиб борамиз. Минг афсуски, баъзи оилалар ишни охиригача етказмайди. Кўчатларни қуритиб, томорқани тақрон ер қилиб, ”Нега бизга ҳеч ким қарашмайди, маҳалладан бераётган ёрдам пули бизга доимий берилса нима қилади?”, деб нолишдан тўхташмайдиганлар ҳам бор, - дейди ҳокимият вакиллари. - Бундайлар томорқадан фойдаланиш учун ҳатто уриниб ҳам кўришмайди.
“Боласини бирорта ҳунар бермасдан катта қилаётган одам, ўғрини боқаётган одамдир“, дейди донишманд Конфуций.
Донишманд Конфуцийнинг бу сўзларини эгаси бўлиб қолмайлик. Ўғри биринчи ўғриликни аввало ўз уйидан бошлайди. “Кичкина ўғрилик”дан бошлайди. Сўнгра ота-онасининг чўнтагига қўл суқади. Қўни-қўшниникига сўроқсиз киради. Сиз сезиб қолганингизда эса анча кеч бўлиб қолмасин. Сиз дод дейсиз, уруғ-авлодимда ўғри йўқ эдику, деб. Кечирасиз, авлодингизда ўғриликни сиз бошлаб бердингиз. Сиз унга текинтомоқликни ўргатдингиз. Ҳунар бермадингиз. Деҳқончиликни ўргатмадингиз. Томорқада ёнингизга олиб ишлатмадингиз. Ўғил бола бўлиб, қурилишни билмайди, бир нарса бузилса тузатишни билмайди. Девор ўпирилса, сувашни билмайди. Дераза синса, бошқа ойна қўйишни билмайди. Бозор қилишни билмайди.
Қизингиз-чи? “Қизи ўнга кирди, онаси сонга кирди”, деган мақолни бекорга айтишмаган доно халқимиз. Ўнга кирган қизингизга бирор ҳунар бермадингизми, демак, сиз ҳам бир ўғрини боқмоқдасиз.
Пазандалик муқаддас ҳунар. Бичиш-тикишни билиш ҳунар. Маҳсулотларни чиқитга чиқармай, тежаб-тергаб, иқтисод қилишга ўргатиш, қиз боланинг фаросатини шакллантириш оиладан бошланади. Йўқса, у ойнанинг олдидан кетмай қолади. Ойнага кўчага чиқишдан олдин қаралади. Бўяниб, ясан-тусан қилгач, кўчага чиққиси, кимгадир ўзини кўз-кўз қилгиси келади. Бир, икки, уч марта кўчага мақсадсиз чиққан қизни тўртинчи марта тўхтатолмайсиз.
Кўча уни сиздан шундай тортиб оладики, бир ҳафтанинг ичида сизга тик қарайдиган, гап қайтарадиган бўлади. Бир ой ичида эса сизга қандай яшаш кераклигини ўргата бошлайди. Ёқа ушлаб улгурмайсиз. Сиздан катта-катта пул сўрайди. Табиийки, ҳар кун у айтган пулни топиб бера олмайсиз. У сизни қолоқликда, қизғанчиқликда, пастликда айблаб, кўчага чиқа бошлайди. Тамом.
Китоб ўқимаган одамга кибру ҳаво тез ёпишади. Худбинлик руҳида тарбияланган бола ҳаммадан ўзини устун қўядиган, гердайган, ғўддайган одам бўлади. Ота-она ундаги камтарликни тарбияламаган. Уят, андиша деган азиз тушунчаларни у кўчадан олмайди-ку.
Ҳа, у кўчадан уятсизликни ўрганиши аниқ. Бу билан мен бола кўчага чиқмасин, демайман. У дастлаб кўчага сиз билан чиқсин. Ўқув тўгаракларига, спорт залларига, ҳунарманд усталар ёнига, боғбоннинг, чорвадорнинг, фермерларнинг ишларига ёрдамлашишга борсин. Қадимдан ота-боболаримиз боласини устозга ўзи олиб бориб “Суяги бизники, гўшти сизники”, деганлар.
Ҳунар ўрганиш масъулиятли жараён. Қаранг,устозга тананинг асосий қисми топширилмоқда. Юрак ҳам бир парча гўшт, асло суяк эмас. Бошқа муҳим аъзолар ҳам гўштдан иборат. Агар гўштга эътибор берилмаса, авайланмаса, тоза тутилмаса керак бўлса тузланмаса, у айнаб, ачиб кетиши мумкин. Гўшт яроқсиз бўлдими, қуруқ суяк кимга керак? Агар бола чиниқтирилмаса, ҳалолликга ўргатилмаса, мағлубият аламини тотиб, ҳар лаҳзада ўзидан кучлилар борлигини ҳис этмаса, сув юзига чиққан пуфакдан фарқи қолмайди.
Демак, боламиз аввал биз борган жойга боради. Шоир айтади “Фосиқ ёнига борсанг, фосиқ бўладирсан. Ошиқ ёнига борсанг, ошиқ бўладирсан”. Худди шундай, бола жоҳил ёнига борса, жоҳил бўлади. Фозил ёнига борса фозил бўлади.
Ўз боламизни ўзимиз асрамасак, бузилиш ўз уйимиздан бошланади. Ўз боламизни ўзимиз етакламасак, уни бошқалар етаклаб кетиши аниқ. Улар жуда-жуда узоқларга етаклаб кетадики, у йўллар борса хатар, у йўллар борса қайтмас...
Шукурки, бугун миллат уйғонди. Кўрмоқдамиз, уйғоқ болаларимиз юрт шаънини юксак чўққиларга олиб чиқмоқда. Мана эл ичра яхши ном чиқариш, мана дунёга довруғ солиш. Бу ўғил-қизларимиз, энг аввало, камтарин, ҳалол, имон-эътиқодли одамларнинг фарзандлари. Уларнинг ҳар бир Янги Ўзбекистон. Наҳот йилдан-йилга, ойдан–ойга, кундан–кунга она Ўзбекистон байроғини баланд кўтарувчилар сафини кўпайтирмасак. Ахир, биз 36 миллиондан ортиқ халқмиз. Бизга минглаб Рустамлар, Нодирбеклар, Жавоҳирлар, Шамсиддинлар, Диёралар, Асилалар, Баҳодирлар, Ҳасанбойлар, Абдуқодирлар, Паҳлавонлар, Асилбеклар керак.
Ҳар биримизнинг хонадонимизда истеъдодлар яшамоқда. Аввало, биз уларни танийлик! Тан олайлик! Топган-тутганимизни уларни соғлигини тиклаш, истеъдодини юзага чиқариш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, меҳр-оқибатли, сабр-қаноатли, меҳнаткаш, обрўли, омадли, ватанпарвар бўлиши учун сарфламасдан, ҳою-ҳавасимиз, мақтанчоқлигимиз, манманлигимиз йўлида исроф этар эканмиз, бизнинг оқибатимиз ёмон, охиримиз аянчли. Кибрнинг, исрофнинг бадали оғир. Исрофдан тийилайлик. Ҳар бир исроф фарзандларимизнинг – миллат эртасининг ҳақи, насибаси эвазига қилинаётганини виждонан ҳис этайлик. Виждонни уйғотайлик! Қайғу ғамни, ғурбат-у изтиробни сотиб олмайлик.
Зулфия Мўминова,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.