Киев нормал ҳаётга қайтмоқда

Маҳаллий аҳоли аста-секин Киевга қайтмоқда. Бугунги кунда Украина пойтахтида 2 миллион 120 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Бироқ шаҳар ҳукумати ракета зарбалари таҳдиди давом этаётгани сабабли шошилмасликка чақирди. Одамлар нормал ҳаётга қайтишга ҳаракат қилмоқда, Киевда кафе ва ресторанлар очилмоқда.

Tin Tin кафесида меҳмонлар жуда кўп. Марина яқинда Украинага қайтди: "Менимча, Киев жонланмоқда. Биз биринчи келганимизда шаҳар ҳувиллаб ётган эди, лекин кундан-кунга одамлар кўпайиб бормоқда. Албатта, бизда чамадонларимиз тайёр. Чунки эртага нима бўлишини билмаймиз".

Марина ва унинг дугонаси Анна Киевда янги бизнес очди. "Биз бир ҳафта олдин биринчи ишимизни очган эдик, бу новвойхона. Кўрдикки, одамлар шаҳарга қайтмоқда. Бизнинг мижозларимиз кўпаймоқда, ишлай оламиз, мен жуда хурсандман", дейди Анна.

Асосан аёллар ва болалар қайтмоқда, талаб туфайли Варшава ва Киев ўртасидаги тунги автобус қатнови қайта очилди.

Украиналик қутқарувчиларнинг айтишича, Киев вилоятининг бутун ҳудудини тозалаш учун тахминан бир йил вақт кетади. Бироқ асосий тадбирлар май ойи охиригача якунланиши режалаштирилган. Айни пайтда бу ерда 3100 дан ортиқ портловчи ашё топилиб, зарарсизлантирилди.