Ким Чен Ин янги қурол синовларида иштирок этди

Шимолий Корея ҳарбийлари кеча иккита снарядни синовдан ўтказди. Ракеталар Япон денгизи йўналишида учирилди, дея хабар бермоқда Yonhap агентлиги Жанубий Корея ҳарбийларига таяниб.

Уларнинг сўзларига кўра, ракеталар 25 километргача баландлик ва максимал тезлиги 4 мах (соатига 4900,18 км)га тенг бўлган 110 километр масофани босиб ўтган.

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин “янги тактик бошқариладиган қурол” синовини кузатди, деб хабар бермоқда Шимолий Корея ЦТАК ахборот агентлиги. Маълум қилинишича, “қурол синовлари муваффақиятли ўтган”.

Бундан ташқари, ЦТАК ҳисоботида айтилишича, Ким Чен Ин “мамлакатнинг мудофаа қобилияти ва ядровий жанговар салоҳиятини янада ошириш” бўйича муҳим кўрсатмалар берган.

Йил бошидан бери Шимолий Корея ракеталар, жумладан, ўндан ортиқ қитъалараро баллистик ракеталарни синовдан ўтказди.