Bloomberg: Ким Чен Ин уруш бошлашга тайёр, бироқ ҳозир кўпроқ пул ишлашга ҳаракат қилмоқда

Сўнгги ҳафталарда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин жануб билан уруш бошлаш истаги ва тайёрлигини кўрсатувчи бир қатор баёнотлар берди.

Аммо Пхеньяннинг можарони қўзғатмаслик учун асосли сабаблари бор, чунки Шимолий Кореянинг иқтисодий ўсиш суръати Россияга қурол-яроғ савдоси туфайли қарийб ўн йил ичида энг юқори даражага етган.
Нашрнинг қайд этишича, октябрь ойидан бери Шимолий Корея Россияга 2 миллиондан ортиқ артиллерия снарядлари ва бир нечта баллистик ракеталарни сотган.
Етказиб берилган ракеталарнинг ҳар бири бир неча миллион долларга тушиши ва Россия улар учун Пхеньяндан учириш мосламаларини ҳам сотиб олишга мажбур бўлиши мумкин. Шу тариқа, КХДРнинг сотган ускуналар ҳажми миллиардлаб долларга етиши табиий. Мамлакат иқтисодиёти эса Хитой билан товар айирбошлашнинг ортиши билан биргаликда жорий йилда 0,5 фоизга ўсиши эҳтимолдан холи эмас.
Пхеньяннинг Россиянинг Украинадаги урушини қўллаб-қувватлаш учун баллистик ракеталар, артиллерия снарядлари ва бошқа ҳарбий техникани сотиши узоқ вақтдан бери халқаро санкциялар остида қолган иқтисодни рағбатлантирмоқда. Бу Ким Ченга келгуси йиллар давомида Ғарб таъсиридан қочиш имконини бериб, 40 ёшли етакчига янада радикал чоралар кўрувчи, хусусан, урушга мажбур қилувчи босимни камайтиради, деб ёзади Bloomberg.