Ким Чен Ин Курск вилоятидаги жангларда қатнашган шимолий кореялик ҳарбийларни мукофотлади

Тантанали маросим Пхеньян шаҳрида бўлиб ўтди.
The Wall Street Journal нашрининг қайд этишича, мукофотлаш маросимида Россия – Украина урушида иштирок этган юқори мартабали қўмондонлар ҳам ҳозир бўлган. Нашр таъкидлаганидек, сўнгги ойларда шимолий кореялик кучлар иштирокидаги жанглар шиддати пасайган. Шу билан бирга, WSJ ёзишича, Пхеньяндаги тантаналардан сўнг юқори лавозимли офицерларни яна Россияга юбориш эҳтимоли ҳам бор.
КХДР ҳарбийлари 2024 йил август ойида Украина Қуролли Кучлари қисман эгаллаган Курск вилоятидаги жангларда қатнашган. Шимолий кореялик ҳарбийларнинг уруш ҳаракатларида иштирок этгани ҳақидаги илк хабарлар 2024 йил октябрида пайдо бўлган, Россия эса буни расман 2025 йил апрел ойининг охирида тасдиқлади.
Украина расмийлари баҳолашича, 2024 йил кузида Шимолий Корея Россияга 11 мингга яқин аскар йўллаган. Россияга юборилган шимолий кореялик ҳарбийларнинг тахминан 5 минг нафари йўқотилган, уларнинг учдан бир қисми ҳалок бўлган.